21 March 2015
22:29 - МИЛИЦИЯ “ЭЗГУЛИК” РАҲБАРИ ВАСИЛА ИНОЯТОВАГА ТАН ЖАРОҲАТИ ЕТКАЗДИ! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релиз - №9, 20.03.2015)

Шу йилнинг 19 март куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятовага Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ ходимлари томонидан енгил тан жароҳати етказилди. Бундай зўровонлик ва таъқибдан сўнг ҳуқуқ ҳимоячиси юқори қон босими ҳамда ўнг қўл гемотомаси жароҳати билан шифокорга мурожаат қилди. Ҳозирда унинг аҳволи қониқарли. Онасини милиция қўлидан қутқармоқчи бўлган ўгли Иноятов Жамшиднинг телефони синдирилиб, кўшимча наряд чақиртирилди. “Эзгулик” жамияти жойлашган бино милиция ходимлари томонидан “япон босди” бўлди.

Гап шундаки, жамият фаоллари Россия Федерациясида истиқомат қилувчи халқаро консультант Андрей Мростнинг таклифи билан 18 март куни пойтахтга келишган, хуқуқ билимдони ўзининг Жаҳон банки билан лойиҳаси доирасида фаолларнинг БМТ Халқаро Меҳнат Ташкилояти конвенциялари борасидаги билимини мониторинг қилаётган эди. 19 март куни соат 11.30 да Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти офисига кутилмаганда Ўзбекистон Адлия вазирлиги мулозими Ҳусан Шарипов бошчилигидаги гуруҳ ва милиция отряди бостириб киришди.

Адлия мулозимлари гўё яширин ўтаётган хуфя тадбирни фош қилиш мақсадида “Эзгулик”чиларни сўроққа тутди, милиция ходимлари ҳуқуқшунос, Россия фуқароси Андрей Мростга ташланишди. Ўртада келиб чиққан зиддиятдан фойдаланган милиция ходимлари Васила Иноятованинг қўлини қайириб, мобиль телефонини тортиб олишди. Сўнгра Андрей Мрост, Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташанов Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ ХЧК ва ФБга олиб кетилди. Бу ерда улар сўроқ қилиниб, Андрей Мростнинг шахсини тасдиқловчи Россия Федерациясининг фуқоролик паспорти тортиб олинди.

Кун давомида милиция ходимлари томонидан Россия фуқароси Андрей Мрост аввалига ўзи истиқомат қилаётган “Ўзбекистон” меҳмонхонасига келтирилди, сўнгра яна милицияга олиб кетилди. Тун ярмида эса Андрей Мрост Ўзбекистондан Россия Федерациясига депортация қилинди. Гўё, у Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари учун Халқаро Меҳнат Ташкилоти конвенцияларини ўргатишга ғайриқонуний равишда келган ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ўқитган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Андрей Мростнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан шу пайтга қадар бу ҳодисани жамоатчилика ошкор қилмади, бу воқеа хусусида ёзмади. Аммо пойтахтга Андрей Мростнинг таклифи билан келган жамиятимиз фаоллари Адлия вазирлиги мулозимлари ва милиция отрядининг босқинидан сўнг руҳан қийин аҳволга тушиб қолишди.