21 March 2015
05:33 -
Яманда яна даҳшат: Шиалар масчитларидаги портлашларда 140 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, Ислом дини ислоҳотларга муҳтож!

Кеча пойтахт Санадаги шиаларнинг икки масчитида жума номози пайтида 3 портлаш юз берди. Уччала портлаш ҳам ўлимчи-террористлар тарафидан амалга оширилди. Аввалиги бир неча ўн кишининг ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Секин-аста қурбонлар сони ортиб бориб, шу пайтгача 142 кишининг ўлгани аниқлангани айтилмоқда. Ҳали ярадорлардан ҳам баъзилари оламдан ўтса керак.
Бир Оллоҳга ишонадиган, ягона пайғамабарни тан оладиган икки гуруҳнинг бундай қонли ишлари 21 асрда тушуниб бўлмайдиган даражада ақлсизликдек кўринади. Аммо, тарихдан маълумки, насронийлар ичида ҳам турли гуруҳларнинг, айниқса католиклар билан протестантларнинг қонли урушлари юз йиллаб давом этди. Ҳеч қайси тараф ғалаба қозонолмади ва ниҳоят бир-бирларига тоқатли бўлиб яшашага мажбур бўлдилар.
Русларнинг “ақлли одам бошқаларнинг, аҳмоқ эса ўзининг хатоларидан ўрганади” деган мақоли бор. Қизиқ, мусулмонларни ким дейиш керак?
Тўғри, масаланинг бошқа тарафини ҳам кўра билиш керак. Мазҳаблар ўртасидаги уруш ҳокимият учун кураш йўлида қурол бўлиб қолмоқда. Демак, Ислом дини дунёвийлик принципини тезроқ қабул қилиб, ҳокимият ишларига аралашмайдиган бўлса, мазҳаблараро урушнинг асосий сабабларидан бири бартараф қилинган бўларди.