17 March 2015
17:51 - Қирғизча масхарабозлик: Қирғизистон Президенти Атамбаев яширинча Молдовага бориб маҳаллий миллионер билан учрашди
Атамбаев Россия Президенти билан учрашиш учун Санкт-Петербургга боришдан аввал чартер рейс билан Молдова пойтахти Кишиневга боргани ва у ерда маҳаллий олигарх Владимир Плахотнюк билан учрашгани ҳақида норасмий хабарлар тарқалиб кетди. Шундан кейин, Президент идорасининг Ташқи сиёсат бўлими раҳбари Сапар Исаков бу хабарларни рад этмасдан, Кишинивдаги учрашув бўйича комментарий бериш вақти келмаганини, нима бўлганда ҳам, президентнинг ҳар қандай фаолияти Қирғизистоннинг миллий манфаатлари учун хизмат қидишига ишониши ҳақида баёнот тарқатди.

Владимир Плахотнюк тадбиркорлик билан шуғулланиб, катта бойликка эришгач, 2010 йили Молдова Демократик Партиясининг рўйхатидан парламентга сайланди ва 2013 йилгача парламент раисининг ўринбосари бўлиб ишлади. Украина ва Модова матбуотида уни олигарх, коррупционер ва салкам мафиози қилиб кўрсатувчи мақолалар эълон қилинган.

Билмаганлар учун эслатиш керакки, олигарх - катта бойликка эга бўлиб, ҳокимятни зимдан бошқариш тизгинларини ҳам қўлга киритган одам демакдир.

Алмазбек Атамбаевнинг шундай одам билан яширинча учрашуви орқасида нималар борлиги очилса-очилмаса, бу воқеа Қирғизистондаги ҳокимиятнинг жиноий юзини очиб берадиган мисоллардан биттасидир.