13 March 2015
09:23 - “Бирлик”нинг яна бир таклифи амалга оширилади: Ўзбекистон ҳукумати меҳнат миграциясини легаллаштирмоқчи
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошида ташкил қилинган Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш Бюроси Россиядаги “Ўрта Осиёлик меҳнат мигрантларига ёрдам бериш жамғармаси” нотижорат ташкилоти билан ҳамкорлик бошлади. Бу ҳақда ўрис оммавий ахборт воситалари хабар қилмоқда.

“Энди Ўзбекистондан Санкт-Петербургга фақатгина малакали, жўнаб кетишдан аввал Бюрода текширувдан ўтган ҳамда барча ҳужжатларини тартибга солган мигрантлар юборилади.

Жамғарма ходимлари ўзбекистонлик мутахассисларнинг мослашуви ҳамда уларнинг қонуний ишга жойлашишига кўмаклашадилар. Бундан ташқари, жамоатчилик ходимлари мигрантлар ва иш берувчилар томонидан Россия қонунчилигига амал қилинишини назорат этадилар” дейди Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мутасаддиси. Унинг таъкидича, мардикорларни чет элга ишга жойлаштириш Бюроси мазкур жараённи назорат қилиб, Ўзбекистондан ноқонуний миграциянинг бартараф этилишига кўмаклашади.

Афтидан, ҳукумат мардикорликни “Бирлик” таклиф қилганидек, легаллаштирмоқчи ва бу борада ҳатто марказлар тузила бошлаган. Бундан ўзга йўл йўқлигини эндигина тушунган Ўзбекистон режими “Бирлик” айтганганини қилишга мажбур, яқин йилларда бу борада махсус вазирлик ёки давлат қўмитаси ташкил қилинса ажабмас.