13 March 2015
09:13 - Тошкентда хавфли ядровий ва биологик материаллар билан курашиш маркази очилади
Маҳаллий веб нашрларда чоп қилинган хабрларда айтилишича, 11 мартда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражали мулоқотнинг иккинчи йиғилишида иштирок этишди.

Марказий Осиё мулозимлари европалик ҳамкорлар билан хавфсизлик ва миграция соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган. Бу ҳақдаги хабарлар Европа Иттифоқининг ташқи сиёсий хизматига иқтибосан келтирилмоқда.

Маълум бўлишича, иштирокчилар ҳамкорлик бўйича аниқ келишувларга эришишибди. Хусусан, жорий йилнинг баҳорида Тошкентда хавфли кимёвий, биологик, радиоактив ва ядровий материаллар ноқонуний сотилишининг олдини олиш бўйича етакчи тажрибанинг минтақавий Марказини очишга келишилган.

Шунингдек, март ойида Брюсселда, май ойида Бишкекда террорчилик ва зўравонлик экстремизмига қарши курашиш бўйича экспертлар учрашуви бўлиб ўтади. Ҳамкорлар зўравонлик экстремизмга қарши қурашиш бўйича етакчи тажриба Марказининг Абу-Дабида ўтказиладиган фаолиятида Марказий Осиё давлатларининг иштирокини қўллаб-қувватлашган.