Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюросининг чекланган кузатувчилари миссияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Суди раиси Бахтиёр Мирбобоев билан учрашибди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар қилган. Бу миссия президентлик сайлови номли масхарабозликни кузатиш учун келгани ўз-ўзидан маълум.
Учрашув мобайнида сайлов қонунчилигига Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамияти ҳақида сўз борибди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоида ва талабларига тўла мувофиқ ҳолда ўтаётганлиги алоҳида қайд этилибди. Учрашув очиқ мулоқот ва фикр алмашиш руҳида ўтибди.
Аслида эса номидан бошқа нарсаси бўлмаган Конституциявий Суднинг идораси қаерда, уни кимлар бошқаради, шу пайтга қадар у нима иш қилганини оддий фуқаро тугул унча-мунча раҳбар ёки жамоатчилик вакиллари ҳам билмайди. ЕХҲТ кузаутвчилари бундай идорани қандай топиб боришганига ҳайрон қолиш керак.