25 February 2015
01:39 -
“КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ ЙИЛИ”НИНГ КЕКСА СИЁСИЙ МАҲКУМЛАРГА ШАФОАТИ ТЕГАДИМИ? (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №7, 24.02.2015)

Давлат дастури туфайли қонунчиликка киритилган ўзгартириш сабабли 60 ёшга тўлган маҳкумларнинг жазо муддатлари 4/3 қисмга, яъни 75 фоизга қадар қисқартирилади. Аммо хабарларда мазкур ўзгартиришнинг Ўзбекистон Республикси Олий Мажлиси Сенати томонидан чиқариладиган умумий авф – Амнистияларга тааллуқлиги борасида маълумотлар келтирилмаган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирда жазо муддатларини ўтаётган фуқаролик жамияти вакиллари – Мурод Жўраев, Солижон Абдураҳмонов, Бобомурод Раззоқов ҳамда Аъзам Турғуновлар аллақачон 60 ёшдан ўтган, аммо қатор йиллардаги амнистия эпкини уларни четлаб ўтмоқда. Жазо муддатларини бир неча марта ўтаб бўлган Мурод Жўраевга 3 марта муддат қўшиб берилди, бошқа дўстларимизга эса умумий авфлар қўлланилмаяпти.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармаси ва Республика Бош прокуратурасини “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастурининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 50-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, юқорида номлари келтирилган фуқаролик жамияти вакилларини озод қилишга чақиради.