
Туркиянинг 10 йилча Бош вазири кейин Президенти бўлган Ражаб Эрдўғон ҳамда унинг исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партиясининнг (АТП) халқ ичидаги обрўси тўхтовсиз ортиб бормоқда эди. Эрдўғон бу йил 7 июнда бўладиган парламент сайловларида ўз партияси 550 ўриндан 400 тасини олиши ва конституцияни ўзгартириш кучига эга бўлишини гапирмоқда ҳам. Унинг Туркияни парламент давлатидан президент давлатига айлантириш нияти ҳам маълум. Бу ҳақда Туркияда ҳеч ким гапирмаса ҳам, Эрдўғоннинг асосий нияти Туркияни Эрон каби ислом давлати қилиш эканлигини “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери гапириб келмоқда.
Аммо, кеча Туркия ахборот воситаларида тарқатилган хабар Эрдўғон устига тўкилган совуқ сувдек бўлди. Сайёр Тадқиқот Маркази номли ташкилот сайловчиларнинг келаётган сайловлар олдидан фикрларини, унинг натижаларини эълон қилжи.
Олинган натижаларга кўра, 4 та энг катта партияга бериладиган овозларнинг фоизи қуйидагича:
Адолат ва Тараққиёт Партияси – 39,1%
Жумҳурият Халқ Партияси - 28,7 %
Миллиётчи Ҳаракат Партияси – 18,1%
Курдларнинг ХДПси - 9,5%
Ўтган йили президент сайловларида 45 фоиз атрофида овоз олган Ражаб Эрдўғон ўзининг партияси парламент сайловларида бундай ҳам кўп овоз олишига ишониши унинг гапларидан кўриниб турарди. Сўровнома натижалари бошқачароқ расм чизмоқда.
Бундан ташқари, сайловчиларнинг 77 фоизи Туркия президентлик давлати бўлшига қарши, ҳатто АТПнинг ичида бундайлар 62 фоиз экан. Сайловчиларнинг 70 фоизи адлия системасида адолат борлигига ишонмайди, 68,9 фоизи Ражаб Эрдўғон борган сари авторитар раҳбарга айланиб бормоқда деб ҳисоблайди.
Ҳеч шубҳасиз, Сурия ҳудудларида жойлашган Сулаймон Шоҳнинг мақбарасини бузиб, унинг ҳокини куни кеча Туркияга яширинча олиб келиниши оддий турклар тарафидан ҳукуматининг фақат қўрқоқлиги эмас, Туркиянинг келажагини ўйламаслигининг кўрсатгичи сифатида қабул қилинади. Демак, Ражаб Эрдўғон ва партиясининг рейтинги яна ҳам тушади.
Тўғри, сайловларга ҳали 3,5 ойча вақт бор. Яна ҳали кўп нарса ўзгариши мумкин, аммо натижалари кеча эълон қилинган сўровнома - Туркияда ҳокимиятда ўтирганлар учун жиддий сигналдир.