24 February 2015
01:14 - АҚШ суди Исроилдаги терактларда ҳалок бўлган ва жабрланган ўз фуқаролари учун Филистиндан $218,5 млн олиш ҳукми чиқарди
Манхеттен Федерал Суди Филистин Миллий Мухторияти ва Филистин Озодлик Ташкилотини Исроилдаги терактларда ҳалок бўлган ёки жабрланган АҚШ фуқарролари ва уларнинг яқинларига $218,5 млн тўлашга мажбур қилувчи ҳукм чиқарди, дейилади New York Times газетасининг кечаги хабарида.

Суднинг ҳукмида ўша терактларнинг ижрочиларига Филистин Миллий Мухторияти ва Филистин Озодлик Ташкилоти ёрдам берганлиги айтилади. 2002-2004 йиллари ўша терактлар натижасида 33 киши ҳалок бўлган, 450 дан кўп киши ярадор бўлган экан.

Шуни эслатиш керакки, АҚШдаги терроризмга қарши кураш қонунида халқаро терроризмдан жабр кўрганларнинг иши, керакли мурожаатлар қилинса, АҚШ судларида кўрилиши мумкин.

10 йилдан ортиқ давом этган ҳуқуқий кураш фақатгина жабрланганларнинг эмас, Филистиндаги тоқатли гуруҳларнинг ҳам терроризмга алоқаси борлигини даъво қилаётган Исроилнинг ҳам ғалабасидир, дейилади хабарда.

Бу қарор прецедент бўлса, бундан кейин бунга ўхшаш суд жараёнлари жуда кўп бўлиши ва филистинликлар жуда кўп пул тўлашга мажбур бўлиб қолишлари муқаррардир. Демак, шундоқ ҳам оғир молиявий аҳволда бўлган Маҳмуд Аббос ҳукуматига катта зарба берилди ва берилади. Бунинг устига, Филистин Мухторияти Исроилнинг қаршилигига қарамасда Халқаро Жиноят Судига аъзо бўлиш аризасини бергач, Исроил ҳукумати ўтган йилнинг декабридан бошлаб филистинликлардан олинадиган солиқни Филистин Мухториятига бермаслик қарори олди. Бу -йилига $100 млн демакдир.