21 February 2015
10:14 - “Ижтимоий фикр” навбатдаги сохта фикрларни эълон қилди
Гўё, жамоатчилик фикрини ўрганиш учун тузилган “Ижтимоий фикр” номли марказ мамалкатимиздаги фуқароларнинг сайлов борасидаги фикрини ўрганиб чиқибди. Яъни, “Ижтимоий фикр” сўров ўтказган сайловчиларнинг 95,4 фоизи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини мунтазам кузатиб бораётганини таъкидлабди. Буни қарангки, сўралган ҳар икки иштирокчининг бири республика оммавий ахборот воситалари бўлажак сайловни ташкил этиш ва ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари, сайлов кампаниясининг ҳуқуқий асосларига тааллуқли хабарларни тезкор ва ўз вақтида тарқатмоқда, дебди.

Вақти келиб, тилидан осиладиган бу марказ ходимлари наҳотки аксари қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аҳолига суткасига 1-2 соат электр энергияси берилиши, матбуот эса бор-йўғи 2-3 кундан бери сайлов ҳақида гапира бошлагани, асосий номзод Ислом Каримнинг тириклиги кеча маълум бўлганини билмаса, дейди мухбиримиз.

Буни қарангки, аҳолининг 97,2 фоизи сайловнинг 29 мартда ўтиши, Президентнинг беш йиллик муддатга сайланишидан хабардор ва ўзларининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуни пишиқ билишини таъкидлашибди экан. Ундан кўра, “Ижтимоий фикр” аҳолининг бундан ҳам кўпроқ қисми учун сайлов кунининг аҳамияти йўқлиги, барибир Ислом Каримнинг тахтда қолиши маълумлиги ҳақида гапирса тўғри бўлмасмиди?!