11 February 2015
15:17 - Қозоғистон давлат бюджетини 10 фоизга камайтирди, яна ўзбекларга ёмон бўлади

Бугун Президент Нурсултон Назарбой ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлисини ўтказди, Давлат Бюджетининг ҳаражатлар қисмини $3,8 миллиардга, яъни 10% га камайтиришга қарор қилинди.

Нурсултон Назарбой ўз мамлакатининг иқтисоди билан боғлиқ муаммоларни Россия оғир аҳволда қолгани билан тушунтирар экан, Россия ҳам, Қозоғистон ҳам, бу аҳволдан тезда чиқишига ишонч билдирди.

Давлат Бюджетининг камайтирилиши – бу давлатнинг ички иши, дейди мухбиримиз. Аммо, бу нарса ўзбеклар учун ҳам катта зарба бўлади. Чунки, бюджетнинг ҳаражат қисми камайса, янги иш ерлари яратиш ҳам камаяди. Охирги йилларда Қозоғистонда мардикорлик қилаётган ўзбекларнинг сони узлуксиз ортиб бормоқда эди. Энди улар ҳам қийинчликлар остида қоладилар, улар Ўзбекистонга юборадиган пул камаяди. Бу нарса Ўзбекистоннинг давлат бюджети учун, оддий ўзбеклар учун катта зарба бўлади.

Яна шунга ҳам эътибор бериш керакки, Қозоғистоннинг Давлат Бюджетини ҳаражат қисми $40 миллиардга яқин, аҳолисининг сони икки баравар кўп бўлган Ўзбекистонда эса, бор-йўғи $11 млрд атрофида. Қанчалик қашшоқ давлат эканлигимизними шу рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Яқин орада Ўзбекистон иқтисодида инқилобий ўзгаришлар бўлмайди, чунки Ислом Карим раҳбарлигидаги режим бунақа нарсаларга қодир эмас, Ўзбекистон ҳукуматидагилар бундай муаммоларни тушунмайдилар ҳам. Демак, аянчли аҳволимизда ҳам ўзгариш бўлмайди.