10 February 2015
16:54 - Путин Минскдаги саммитга Мисрда тайёрланмоқда, Калашников автомати билан
Эртага Минскда бўлиши эълон қилинган “Нормандия тўртлиги”нинг саммити, яъни Франция, Германия, Россия ва Украина раҳбарлари Франсуа Олланд, Ангела Маркел, Владимир Путин ва Петр Порошенконинг учрашуви муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда. Учрашувнинг муҳимлиги, у ерда муҳим келишувлар бўлиши, муҳим қарорлар қабул қилинишида эмас. У ерда ҳеч қандай келишув бўлмаса ва ҳеч қандай қарор қабул қилинмаса, бу ҳам муҳимдир. Чунки, келишув ва ижобий қарорларсиз, Украина-Россия уруши яна ҳам кучаяди.

Айнан шу йиғилиш арафасида Германия канцлери Ангела Маркел Барак Обама билан маслаҳатлашиш учун Вашингтонга келган эди. Бошқалар ҳам Минскдаги учрашувга ўзича тайёрланмоқда. Масалан, Владимир Путин.

Россия Президенти кеча Мисрга келиб, бугун бу мамлакатнинг Президенти Абдул-Фаттоҳ Ас-Сиси булан учрашди, икки мамлакат муносабатлари бўйича музокаралар олиб борди. У мисрлик ҳамкасбига Калашников автомати совға қилгани эса, жаҳон ахборот воситаларининг диққат марказига айланди. Қизиғи шундаки, автоматни бериш вақтида олинган расм Швеция собиқ Бош вазири Карл Бильдтнинг Тветтердаги саҳифасидан олингани айтиб тарқатилмоқда..

Аммо, Украинадаги уруш бўйича Минскда бўладиган учрашув арафасида Путин Мисрга автомат кўтариб келиши бундан ҳам қизиқдир. Ҳатто, қизиқ провокациядир, дейиш мумкин.