09 February 2015
08:34 - Гуржистон Бош вазири Афғонистон Президенти билан учрашибди, Ўзбекистон раҳбарлари нега учрашмайди?
Гуржиларнинг ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, Мюнхенда ўтган Хавфсизлик Конференцияси доирасида Гуржистон Бош вазири Ираклий Гарибашвили Ағонистон Президенти Ашраф Ғани билан учрашибди.

Афғонистондаги НАТО қўшинлари таркибида бу альянсга аъзо бўлмаган Гуржистоннинг бир рота аскари борлиги маълум. Шу сабабли бу икки лидернинг учрашуви табиийдир.

Аммо, қуйидаги саволлар туғилиши ҳам табиий. Хавфсизлик Конференцияси кунлари Мюнхен жаҳоннинг сиёсий марказига айланди. Нимага Ўзбекистоннинг юқори даражали вакиллари у ерда йўқ? Афғонистон қўшнимиз, ўзимизга етишмайдиган электр энергиясини бу мамлакатга бераётганимиз билан Ислом Карим ҳам мақтаниб қўяди. Мана энди Афғонистонда янги президент бор. Нимага юксак даражали Ўзбекистон-Афғонистон учрашувлари бўлмаяпти?

Дунёда глобаллашув жараёнлари кенгайиб бормоқда. Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон ўтган йилнинг октябрь ойида кутилмаган 1 кунлик ташриф билан Қобулга келиб, янги президент билан кўришиб кетди. Афғонистон Президенти ўтган йилнинг 2 декабрида ишчи ташриф билан Озорбайжонга ҳам боришга улгурди. Ислом Карим раҳбарлигида Ўзбекистон қачонгача яккамоховга айланиб юраверади?

Қолаверса, ўзбекларнинг ўзи қачон бу каби саволлар билан қизиқишга бошлайди?