08 February 2015
07:26 - Бугун Мюнхен дунёнинг сиёсий маркази, кун тартибининг марказида Украина
Шу кунларда Германиянинг Мюнхен шаҳрида “Хавфсизлик Конференцияси” деб ном олган йиғилиш бўлмоқда. Туркия Ташқи ишлар вазири Мовлуд Човушўғли бу йиғилишнинг Яқин Шарқ муаммоларига бағишланган мажлисини у ерда Исроил вакили ҳам борлиги учун намойишкорона тарк этганини 6 февралда хабар қилган эдик. Туркия вазирининг бу ножиддий қарорига ҳеч ким эътибор ҳам бермади. Амалда бу Конференция жаҳоннинг сиёсий маркази ҳолига келди, конференция доирасида муҳим учрашувлар ўтказилмоқда. Кун тартибининг марказида Украина, тўғрироғи, Украина-Россия уруши турибди.

Кеча бу ерда Украина Президенти Петр Порошенко, АҚШ вице-президенти Жо Байден, Давлат Котиби Жон Керри, Европа Иттифоқининг бош дипломати (феълан ташқи ишлар вазири) Федерик Могерини, Германия ташқи ишлар вазири Франк Вальтер Штайнмайер, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва бошқалар бор эди. Улар асосан икки тарафли учрашувлар ўтказдилар ва жаҳон ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Украинадаги кризис бўйича фикр алмашдилар.

Аввал хабар қилинганидек, бугун Россия, Франция ва Германия раҳбарлари Украина масаласи бўйича телеконференция форматида йиғилиш ўтказадилар. Кейин Россия, Франция, Германия ва Украина раҳбарларининг “Нормандия тўртлиги” форматидаги телефон суҳбати ҳам бўлади.