
Бугун Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссиянинг кенгайтирилган мажлиси ўтказилибди. “Халқ сўзи” газетаси хабарига кўра, йиғилишда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш Омбудсман фаолиятида асосий ўрин тутиши қайд этилган.
Чунончи, ўтган йили Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га фуқаролардан 12 мингга яқин мурожаат келиб тушди ва уларнинг барчаси тегишли тартибда кўриб чиқилган. “Натижада кўплаб фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланишига эришилди”, – дейилади газета хабарида.
Мамлакат фуқароларининг эрки ва иродасини ифода этувчи Парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига 12 мингга яқин мурожаат тушганида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига 10 мингдан ортиқ мурожаат қилгани ҳайратланарлидир. Ҳукуматнинг тазйиқ ва таъқибларига қарамай, оммавий ахборот воситаларида “Эзгулик”нинг номи тилга олинмай шунча мурожаатлар келаётган экан, Ўзбекистон Парламенти дарҳол Омбудсманнинг ҳозирги раиси Сайёра Рашидни ишдан олиб, ўрнига “Эзгулик” раиси Васила Иноятни тайинлаши керак, дейди мухбиримиз.
Васила Иноят ва Буюкбритания ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Саида Варсининг расми - уларнинг 2014 йил 14 апрелда Тошкентдаги учрашуви ҳақидаги хабардан олинган.