04 February 2015
10:18 - Фатхулла Гулен АҚШнинг энг таниқли New York Times газетасида Эрдўғон ва унинг партиясини танқид қилди
Ҳозир ўзини “Хизмат” ҳаракати деб айтаётган фатхулла-гуленчиларнинг лидери Фатхулла Гуленнинг New York Times газетасида эълон қилинган “Туркиянинг Эрдўғонча демократияси” номли мақоласини сансация деса ҳам бўлади. Туркияда исломчилар оқими ичида бўлиниш юз бериб, аввал Бош вазир, ҳозир Президент бўлган Ражаб Эрдўғоннинг Адолат ва Тараққиёт Партияси билан фатхулла-гуленчилар ўртасида совуқ уруш бошланганига 1 йилдан ошган бўлса ҳам, Фатхулла Гулен бунчалик очиқча Эрдўғонни танқид қилмаган эди. Бунинг устига, фақат АҚШда эмас, бутун дунёда танилган газетада.

Мақола яқингача Туркия Ислом дунёси ҳавас қиладиган мамлакат бўлиб, демократик принципларга таянган ва Европа Иттифоқига киришга номзод ҳисоблан давлат бўлганини урғулаш билан бошланади. Аммо, ҳозир бу ерда Адолат ва Тараққиёт Партияси раҳбарлигида ҳамма нарса ўзгаргани, фуқаролар жамияти, оммавий ахборот воситалари, суд системаси ва эркин бизнес босим остида қолгани айтилади.

Мақолада Эрзўғоннинг исми фақат сарлавҳада ишлатилган бўлса ҳам, аслида айнан у мақоланинг нишонидир.

Мақола қуйидаги сўзлар билан тамомланади: Туркия шундай нуқатга келдики, демократия ва инсон ҳуқуқлари узоқ вақтга четга сурилди. Мен умид қиламан ва дуо қиламанки, мавжуд ҳокимият ўзининг йўлини қайта кўриб чиқади. Умид қиламанки, ҳокимиятдагилар мамлакатнинг келажагини ўйлаган ҳолда ўзларининг ҳуқуқ ва демократияга ҳурматларини тиклайдилар.”

Фатхулла Гулен қаттиқ танқидга қарамасдан, ўзини орадаги кўприкларни бузишни истамаган кишидек тутиб, алоқаларни тиклашга сигнал бергандек кўринади, дейди мухбиримиз. Бу ижобий қадам. Кўрамиз, у тарафдан қандай жавоб келади.

Турк дунёсининнг энг катта мамлакатида бўлаётган бундай воқеалар ва тенденциялар ўзбекларни ҳам қизиқтириши керак, қолаверса, улардан дарс олиш лозим.