03 February 2015
18:30 - Хамир учидан патир: Калининград Германияга, Курил ороллари Японияга қайтадими?
Бу саволни жиддий шаклда “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат, балки, замонавий тарихда биринчи марта, Россия-Гуржистон уруши натижаларига бағишланган мақоласида кўтарганди. У Россия-Гуржистон уруши пайтида четда туришга ҳаракат қилган Германия ва Япония хато қилаётгани, агар улар Кёнигсберг (ҳозирги номи Калининград) ва Курил оролларидан ҳали ҳам умидлари бўлса, бу урушда яна ҳам яқинроқ Гуржистон тарафида бўлишлари кераклигини асослаб берган эди.

Ҳозир Россия-Украина уруши пайтида Германия ва Япония очиқдан-очиқ Украина тарафида туришгани – Абдураҳим Пўлат узоқни кўрабилганининг кўрсатгичидир. Унинг мақоласи Центразия.ру сайтида рус тилида эълон қилинганини ҳисобга олсак, Германия ва Япония расмийларига унинг мазмуни етказилган бўлишининг эҳтимоллиги катта.

Хамир учидан патир деганларидек, ҳозир бу йўналишдаги жараёнлар чуқурлашиб бормоқда. Рус ахборот воситаларининг хабари қизиқ. Маълум бўлишича, калининградлик уч киши ўтган йили 11 март куни Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг Калининград бўлими биноси устига Германия Фдеретив Республикаси байроғини ўрнатиб кетишган ва ўша пайтдаёқ бу уч киши устидан тергов ишлари бошланган экан. Улар Россия Қримни босиб олишига қарши эканликларини кўрсатиш учун шундай қилганларини айтиб, Европа Инсон Ҳуқуқлари Судига ариза ҳам беришибди ва суд ўта тезлик билан ишни кўриб чиқиш учун қабул қилибди.

Демак, бу иш катта шов-шувга айланиши мумкин. Лекин, бу хамир учидан патирдир. Бироз вақт ўтиб, Россияда яшайдиган майда миллатлар ўзига келиб, мустақиллик учун кураш бошлайдилар ва прецедент сифатида айнан Россиянинг Қримни ўзига қўшиб олишини кўрсатадилар, мустақил бўлиш ва ҳатто бошқа бир мамлакатга қўшилиш бўйича турли референдумлар ўтказадилар. Охир-оқибат Россия Федерацияси парчаланиб кетади.