
Бугун Тошкентда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Марказий Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди. Унда жамиятнинг 2014 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир таҳлилий ҳисоботининг муҳокамаси, вилоят бўлимиларидаги аҳвол ва бошқа масалалар кўриб чиқилди. Жамият матбуот хизматига кўра, мажлисга республиканинг барча вилоятларидан бошқарув аъзолари келишди ва ўз ҳудудларидаги инсон ҳуқуқлари аҳволи юзасидан ахборот беришди.
Жамият раиси Васила Иноятга кўра, 2014 йил Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти учун бирмунча сермаҳсул йил бўлди. Жамиятга мурожаат қилган 10 023 нафар фуқароларнинг 3 004 нафарининг ишлари ижобий ҳал этилди. Бу 34 фоизлик ижобий кўрсаткич бўлиб, жамиятнинг давлат ҳокимяти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан самарали кураш олиб боргани, шунингдек, ўз вақтида тинимсиз мулоқотларнинг натижасидир. Жамият раиси қарийб ўн мингдан зиёд фуқароларнинг мурожаатлари асосида йиллик анъанавий ҳисобот юзага келгани, унинг тақдимоти мамлакатдаги хорижий дипломатик ваколатхоналардан бирида яқинда ўтказилишини таъкидлади.
“Бу йиллик ҳисоботимиздан фуқаролик жамияти вакилларининг қамоқларда қолаётгани, қийноқлар, мажбурий меҳнат шакллари ва диний эркинликларга оид бан қанча муҳим фактлар ўрин олган. Таҳлилий ҳисоботимизнинг мундарижаси сўз эркинлиги, суд-ҳуқуқ тизимидаги бошқа муаммолар сингари мавзулар билан бойитилган” дейди жамият раиси Васила ИНоят.
Жамият Марказий Бошқаруви раиси Исроил Ризога кўра, ташкилотга фуқароларнинг мурожаатлари кун сайин ортиб бормоқда. Бу эса суд-ҳуқуқ тизимида ўзига хос фалажлик юзага келгани, уларнинг жамоат ташкилотлари эътиборига нописанд, фуқаролар мурожаатларига беътибор қолаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
“Эзгулик”нинг Марказий Бошқаруви мажлисида бошқарув раиси ҳисоботи тингланди, вилоят бўлими раисларининг ҳисоботлари ахборот учун қабул қилинди. Шунингдек, анжуманда Марказий Бошқарув ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Таҳририятдан: Йиғилишнинг умумий расми жуда сифатсиз чиққани сабабли, хабарга шу расмни илова қилиш билан чекландик.