22 January 2015
07:42 - Нардаран шаҳарчасида Муҳаммад пайғамбарни ҳажвия қилиш қораланди, Франция, Исроил ва АҚШ байроқлари ёқилди
Озорбайжон пойтахти Бокуга яқин Нардаран шаҳарчасида Муҳаммад пайғамбарни ҳажвия қилувчи расмлар чиқарган Charliу Hebdo газетасига қарши митинг бўлгани бу мамлакатнинг оммавий ахборот воситалари тарафидан хабар қилинди. Бир неча юз киши иштирок этган митингда “Исроилга ўлим”, “Америкага ўлим”, “Францияга ўлим”, Германияга ўлим”, “Данияга ўлим” каби чақириқлар бўлибди, Франция, Исроил ва Арманистон байроқлари ёқилибди.

Бутун Озорбайжонда каби бу шаҳарчада ҳам шиалар кўпчиликни ташкил қилади. Митингда ҳам шиалар қатнашган ва Эрон лидери Али Ҳаманей раҳбарлигида мусулмонлар охир-оқибатда ғалаба қозонишига ишонч билдирилган.

Митингда Арманистон байроғи ёқилгани тушунарли, чунки, Озорбайжон Тоғли Қорабоғни босиб олган Арманистон билан феълан уруш ҳолатида. Шу сабабли, бу урушда феълан арманларни қўллаб-қувватлаётган АҚШнинг байроғи ёқилгани ҳам ўз-ўзидан маълум.

Парижда Charliу Hebdo газетаси офисига қарши уюштирилган ва 12 кишининг ўлими билан тугаган террористик ҳужумдан кейин, бу каби намойишлар Осиё ва Африканинг бир қатор мамлакатларида, ҳатто қўшнимиз Қирғизистонда ва Чеченистоннинг пойтахти Грозний шаҳрида ҳам бўлганди. Грознийдаги намойишга 700 минг киши йиғилгани ҳам маълум.

Яна шу нарса ҳам маълумки, Ғарб мамлакатларининг оммавий ахборот воситаларида Муҳаммад пайғамбарни ҳажвия қилувчи, ҳатто уни террорист қилиб кўрсатувчи расмлар чиқариш тўхтамайди, балки, улар яна ҳам кўпаяди. Чунки, минг афсуски, терроризм мусулмонларга оид сифатга айланиб қолмоқда. Ислом дини терроризмга қарши эканлигини очиқча кўрсатмагунча, исломофобия, яъни, Исллм динига қарши бўлган кайфият яна ҳам кучайиб бораверади. Бунинг олдини олишнинг ягона йўли - Нардаранда бўлгани каби намойишлар ўтказиш эмас, Исломда ислоҳотлар ўтказиб, Ислом дини дунёвийлик/сепаратизм принципини тан олишига эришишдир.