
Тахмин 60 минг тираж билан чиқадиган французларнинг ҳафталик ҳажвия газетаси Charlie Hebdo Муҳаммад пайғамбарнинг ҳажвиявий расмларини йиллардан бери чиқариб келар экан. Бу каби нашрларнинг Европада яна бир нечтаси бор. Улар мусулмонларнинг пайғамбарини ҳажвия қилганларидан кейин уларнинг тиражи ортгани, улар одамлар ўртасида яна ҳам популяр бўлиб кетгани йўқ. Ҳеч шубҳа йўқки, охир-оқибатда бу нашрлар ҳамманинг жонига тегадиган расмларни чиқаришни тўхтатардилар.
Бу нашрларга ҳамманинг диққат-этиборини мусулмонларнинг ўзи тортди. Мана охирида ислом террористлари бу газета офисига қуролли ҳужум уюштириб, 12 кишини ўлдирдилар. Энди бу газета ва Муҳаммад пайғамбар устидан кулувчи расмларини бутун дунё билади. Улар тарихда қолади.
Газета офисига уюштирилган террористик ҳужумдан кейин чиққан Charlie Hebdo газетасининг бош саҳифасига Муҳаммад пайғамбарнинг ҳажвиявий расми қўйилгани, газетанинг бу сони 3 млн тираж билан чиққани ва бир неча соатда сотиб бўлингани ҳақида аввал хабар берган эдик. Жаҳон ахборот воситалари Франциядаги RFI радиоканалига асосланиб хабар беришича, газетанинг ўша сони кўшимча босилган ва бугунгача 7 млн нусҳаси сотилган.
Осиё ва Африканинг баъзи мусулмон ўлкаларида бу газетага қарши намойишлар ўтказилди, юз берган тартибсизликлар натижасида бир нечта мусулмон ҳалок бўлди.
Туркиядек давлатнинг Президенти ва Бош вазири шу кунлардаги ҳар қандай чиқишларида Charlie Hebdo газетасига ташланмоқдалар. Табиий, ўша газета ходимларини янги расмларга рағбатлантирмоқдалар.
Бу ва бу каби масалаларда “Ҳаракат” Агентлиги тутган йўл энг тўғрисидир. Баъзи насронийлар Қуръоннинг нусҳасини ёқса, Charlie Hebdo газетаси каби нашрлар Муҳаммад пайғамбарнининг ҳажвиявий расмларини чиқарса, уларга эътибор бермаслик керак. Эътибор бериш – нотўғри иш қилаётганларни рағбатлантиришдир.
Ислом дунёси ҳозирги қолоқликдан, террордан бошқа нарсага кучи етмайдиган ҳолга тушганидан чиқиш устида ўйлаши керак. Мусулмонлар бу аҳволдан чиқса, ҳеч ким Қуръонни ёқишга, Муҳаммад пайғамбарни ҳажвия қилишга журъат этмайди. Бу аҳволдан чиқиш учун Исломда чуқур ислоҳотлар ўтказилиши, Ислом дини дуёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши шарт. Бошқа йўл йўқ.