16 January 2015
21:26 - Ўзбеклар қочмоқда, қозоқлар келмоқда: Қозоғистон мустақил бўлганидан бери қарийб 1 миллион қозоқ ўз юртига қайтди
Афсуски, Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери қарийб 4 миллон ўзбек ўз юртидан кетди. Аммо 1991 йилдан 2015 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда 952,8 минг қозоқ ўз ота юртига қайтиб келди. Қозоғистонда бу тоифа алоҳида ном билан “оралманлар” деб аталади, дейди бу ҳақда ёзган веб нашрлар. Ҳозирда мамлакат аҳолисининг 5,5 фоизини ташкил қиладиган ушбу 1 миллионга яқин оралманлар 259,159 оиладан иборат экан.

Эътиборлиси, бу аҳолининг асосий қисми Қозоғистон даштларига Ўзбекистондан қайтиб борган (61,5 фоиз). Иккинчи кўрсаткичли 14,3 фоиз қисми эса, Хитойдан келган. 9,3 фоиз оралман Мўғулистондан, 6,8 фоизи эса Туркманистондан, яна 3,5 фоиз оралман эса, бошқа давлатлардан қайтиб келган.

Қозоғистон ҳукумати бу тоифа учун барча ижтимоий имтиёзларни муҳайё этган, уларнинг ҳуқуқлари “Кўчиб келган аҳоли ҳақида”ги қонун билан ҳимояланган. Ўзбекистонда эса мустақилликдан сўнг Қирғизистон ва Тожикистондан кириб келган ўзбекларни мамлакатдан қувмоқда, бир аммалаб қолаётганларга эса йиллар давомида фуқаролик берилмай ҳуқуқлари камситилиб келмоқда.