
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги чақириғи бўйича илк мажлис бугун иш бошлади. Регламентга кўра, илк мажлисни Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов очиб, олиб борди. Мажлисда Президент Ислом Карим қатнашди. Янги депутатлар мажлис кун тартибидаги бир қатор ташкилий масалаларни кўриб чиқди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери этиб Нурдинжон Исмоилов сайланди.
54 ёшли Нурдинжон Исмоилов парламент сайловларида Халқ Демократик Партияси номзоди сифатида Наманган вилояти 47-Чортоқ сайлов округидан депутат қилиб сайланган. У 2012 йил июлидан бери Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётганди.
Исмоилов 1959 йилда Наманган вилоятида туғилган, Тошкент давлат университетини тугатган. Юридик фанлар кандидати илмий унвонига эга.