
Маълумки, Филистин давлати БМТ тарафидан тан олиниш учун ҳаракат қилмоқда. БМТнинг бу ҳақдаги қарори эса, аввал Хавфсизлик Кенгаши тарафидан тасдиқланиши керак.
Кеча Хавфсизлик Кенгаши бу масалани кўриб чиқди ва Филистин раҳабарияти тарафидан тайёрланган қарор лойиҳаси рад эдилди. Чунки, вето ҳаққига эга бўлган АҚШ бу қарорга қарши овоз берди.
Қарор лойиҳасида Исроил 1967 йил чегараларига қайтиши, ўша йили босиб олинган Ғазо, Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусдан ўз армиясини 2017 йилнинг охиригача олиб чиқиб кетиши ва пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Филистин давлатини тан олиши кўзда тутилган эди.
Бу қарорга қарши АҚШ ва Австралия овоз берди, 8 давлат қарор тарафдори бўлди, 5 давлат бетараф қолди.
АҚШнинг БМТдаги вакили Саманта Пауэр бундай қарор қабул қилинса, Филистин-Исроил қарама-қаршилиги янада кучайиши, исроилликларнинг хавфсизлиги таъминланмаслигини гапирди.
Шундай қилиб, Филистин давлатини расман яратиш ва тан олиш масаласи яна ечилмади.
Эслатиб ўтамиз, “Араб баҳори” деб аталган воқеалар бошланган пайтда “Ҳаракат” шундай башорат қилган эди: “Охир-оқибатда Араб дунёси пойтахти Қуддуснинг ҳаммаси бўлган Исроил давлатини тан олишга мажбур бўлади.” Кўринишидан, жараёнлар ўша башорат йўналишида кетмоқда.