27 December 2014
18:39 - Ҳолва деган билан оғиз чучимайди: Белорусия Президенти ҳукуматда Бош вазирдан бошлаб катта ўзгартиришлар қилди, мақсад – иқтисодни мустаҳкамлашмиш

Бугун Белорусия Президенти Александр Лукашенко Бош вазир Михаил Мясниковични ишдан олиб, ўрнига Президент Маъмуриятининг раҳбари Андрей Кобяковни тайинлади. Бош вазирнинг ўч ўринбосари, бундан ташқари, уч вазир – молия, саноат ва таълим вазирлари ҳам алмаштирилди.

Марказий Банк раиси, бир қатор вилоятларнинг губернаторлари ва анчагина юқори даражали мулозимлар ҳам алмаштирилган.

Лукашенконинг айтишича, бу ўзгартиришлардан мақсад – мамлакат иқтисодини мустаҳкамлашдир.

Ўзбеклар “Яхши ният ярим мол” мақолини ишлатишади, дейди мухбиримиз. Шу маънода Лукашенкони яхши нияти учун олқишлаш керакдек кўринади. Аммо, ҳар бир мақолнинг ўз жойи бор, уларни тўғри ишлатабилиш ҳам катта санъатдир, қолаверса, сиёсатдир. Масалан, “Холва деган билан оғиз чучимайди” мақоли аввал келтирилган мақолнинг том тескариси-ку. Лукашенко қилган кадр ўзгартиришларини айнан шу мақол билан баҳолаш керакмасми?

Белорусиянинг иқтисоди Россияга тўла боғлиқ. Россиянинг иқтисоди эса, Ғарбнинг санкциялари остида чўкишга бошлади. Демак, Белорусияда ҳам шундай бўлиши муқаррар. Иқтисодни мустаҳкамлаш учун, авваламбор, иқтисодий сиёсатда ўзгаришлар, тўғрироғи, ислоҳотлар қилиш керак. Ўз югурдакларининг ўрнини алмаштириш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

Бу фикрлар Ўзбекистон Режимбошиси Ислом Каримга ҳам тегишли.