27 December 2014
22:42 - Швециянинг Эскултина шаҳрида икки кунда икки масжидга ҳужум қилинди, Ислом дини ислоҳотларга муҳтож

Иккала масжидни ёқишга ҳаракат қилинган, аммо катта зарар келтирилмаган. Иккала масжиднинг ўртаси 300 метрча бўлганидан тушуниш мумкинки, Европа мамлакатларида мусулмонларнинг сони, айни замонда, масжидларнинг сони ортиб бормоқда. Бу нарса маҳаллий аҳолига, бунинг устига, бошқа динга мансуб бўлган аҳолига ёқмаётганини тушуниш мумкин. Шу сабабли, турли маданиятларга мансуб халқларнинг глобализация асрида биргаликда тинч-тотув яшашини таъминлаш учун қандайдир жиддий амалий ишлар қилиниши керак.

Ҳозир ислом дини умуман ва мусулмонлар хусусан, кўпроқ ислом терроризми билан боғлиқ воқеалар туфайли дунёга танилмоқдалар. Бундан ташқари, мусулмонлар охирги асрларда инсониятининг ривожланиш йўлида биронта ижобий иш қилолганларининг мисоли йўқ. Мусулмонлар бошқа дин мансублари яратган замонавий дунёда, бошқаларнинг соясида яшамоқдалар. Аҳвол шундайки, Оллоҳ ҳам мусулмонларда юз ўгирмадими, Ўзи одамларга исломдан аввал берган динларни қўллаб-қувватлаш йўлига ўтмадими, деган савол қўйилиши мутлақо табиийдир.

Ҳозирги ғариб аҳволдан чиқиш – мусулмонларнинг асосий вазифаси бўлиши керак. Аммо, бу муаммони кўтаарётган биронта ислом уламосини кўрдингизми ёки эшитдингизми? Йўқ ундайлар. Демак, ташаббусни оддий мусулмонлар қўлга олиши керак.

“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ва Малайзиянинг собиқ Бош вазири Мохатхир Муҳаммад шундай мусулмонлардандир. Абдураҳим Пўлат очиқча, Мохатхир Муҳаммад эса бироз эҳтиёткор ифодалар билан, Исломда ислоҳотлар ўтказиш кераклиги гапиришмоқда. Исломда чуқур ислоҳотлар ўтказилиб, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, Ислом терроризми, демак, мусулмонлар билан бошқаларнинг душманлиги давом этаверади.

Расмда – Швецияда бугун ҳужумга учраган масжиднинг кўчага қарайдиган деразалари.