12 December 2014
20:09 - Маъмурий жавобгарлик Кодексига ўзгартириш киритилди, аслида сиёсий режимга киритилиши керак
Бугун маҳаллий газеталар Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги президент фармонини чоп қилишди. Унга кўра, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг қонуний тадбиркорлик фаолиятига тўсиқлар яратиш ва хўжалик субъектларининг ишига аралашганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи моддалари янгиланди.

Янги қонунга биноан тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, жумладан хусусий тадбиркорликни рўхатга олиш ва давлат томонидан хизмат кўрсатишдан бош тортиш, хўжалик субъекти фаолиятига ноқонуний тарзда тўсиқ ясаш каби ҳаракатлар учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан 20 баробаригача жарима белгиланди.
Агар бу қонунбузарлик бир йил давомида яна такрорланадиган бўлса, масъул шахслар 20 баробардан 30 баробаригача жаримага тортилиши айтилмоқда.

Аммо, дейди мухбиримиз, давлатнинг сиёсати ўзгармас экан, бу қонунлар амалда ўз ифодасини топмайди. Шу боисдан ҳам аввало режим ўзгариши, сиёсий ислоҳотлар қилиниши зарур. Ҳозир эса, давлатнинг сиёсати – тадбикорларга йўл бермаслик, ҳамма нарсанинг жиловинини давлат маъмурлари қўлида тутишдир.