07 December 2014
07:42 - Меҳмонларга масхарабозча чопон-қалпоқлар кийдириш қозоқларни ҳам шарманда қилди
“Ҳаракат” Агентлиги меҳмонларга чопон ва дўппи кийгизишдек эски ва ибтидоий одат ҳатто Ўзбекистон Президенти савиясида ҳам давом этаётгани устидан кўп марта ҳажв қиларкан, буни фақат ўзбекларга хос нарса деб ҳисоблаган эди. Ҳозир маълум бўлишича, бунақа масхарабозлик қозоқлардан ҳам сақланиб қолган экан.

Бугун бутун дунё Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой Франция Президенти Франсуа Олландга кийгизган чопон ва қалпоқ устидан кулмоқда. Франциялик Интернет ўқувчилари чопон-қалпоқ чиройли бўлса керакку, расм яхши олинмаган деб ҳисоблашаётганмиш. Чунки, у бечоралар замонавий мамлакатда бунақа ибтидоий масхарабозлик одати сақланиб қолганини ҳаёлларига ҳам келтиришмаган.

Ислом Карим тўғри келган меҳмонга алмисоқдан қолган дўппи-чопон кийдириши устидан “Ҳаракат”дан бошқа ҳеч ким кулмаганининг сабаби ҳам оддий. Ислом Карим ва Ўзбекистоннинг дунёда обрўси шунчалик пастки, бизга келаётган меҳмоннинг расми билан у меҳмоннинг мамлакатидагилар ҳам қизиқишмайди.

Нима бўлса ҳам, қозоқларнинг чўпон-қалпоғи шарманда бўлгани ибратли воқеадир, ажаб бўпти. Қозоқлар энди бу одатни дипломатик протоколдан чиқаришса керак. Қани энди, Ўзбекистонда ҳам шундай қилинса. Бундай одатни фақат дипломатик протоколдан эмас, кундалик маросимлардан ҳам чиқариш керак.