
Тожикистон Исломий Уйғониш Партияси (ТИУП) раиси Муҳиддин Кабирий ўз мамлакати Фанлар Академиясининг баъзи ходимларини илмий ишлар билан шуғулланиш ўрнига, оммавий ахборот воситалари орқали диний арбобларни ва диний-сиёсий кучларни қоралаш билан машғул эканликларини танқид қилди, дейилади Asia-Plus агентлигининг сайтидаги мақолада. Бунга жавобан, Ҳофиз Бобоёров исмли олим “Тожикистон Исломий Уйғониш Партиси Толибон ва ИШИДдан хавфсизроқ эмас” деб жавоб берибди.
Баҳсга аралашган сиёсатшунос Парвиз Муллажоновга кўра, ТИУПни Толибон ва ИШИД билан солиштириш тўғри эмас, бундай қилиш - ҳам сиёсий ҳам илмий нуқтаи назардан хатодир. Asia-Plus ўз мақоласида асосан ТИУП тарафдорларига сўз берган, улар оддий демагогиядан узоққа кетишолмаган, дейди “Ҳаракат” мухбири.
Чунки, Қуръоннинг мавжуд тавсирига кўра, ҳар қандай давлат исломий бўлиши шарт. Демак, ТИУП ҳақиқий исломий партия бўлса, унинг асосий вазифаси Тожикистонда исломий давлат қуриш бўлиши керак. Бу эса, мавжуд конституцияга қарши. Шундай экан, бу партия ахир бир кун қўлига қурол олади ва террористик ташкилотга айланади.
“Ҳаракат” сайтида айтиб келинаётгандек, бу вазиятдан тинч йўллар билан чиқишнинг ягона йўли – Исломда ислоҳотлар ўтказиш ва Исломнинг ўзи тарафидан секуляризм (дунёвийлик) принципини қабул қилишдир.
Ислоҳотлар бу билан тугамайди. Ислом динининг ягона фарзи Имон эканлиги ҳам тан олиниши, қолган 4 фарз фарзликдан чиқарилиб, бажарилса савоб, бажарилмаса гуноҳ бўлмаган амалиётларга айлантирилиши керак. Чунки, 5 маҳал Намоз ва Рўза фарзларини ер юзининг кўп нуқталарида умуман бажариб бўлмайди, ҳамма мусулмонлар эса, йўллар бўйлаб ҳам Ҳаж қилолмасликлари туфайли, Ҳаж ҳам фарз бўлолмайди. Дунё фаровонлик йўлидан борар экан, яқин орада Закот деган нарсага жой қилмайди.
Нима бўлганда ҳам, тожиклар бу мавзу бўйича баҳс қилаётганлари олқишга сазовордир. Чунки, бу мавзу атрофидаги муаммолар ўз вақтида ечилмаса, қўшниларимиз қонли воқеаларга дучор бўлади.