
Ўзбекистон ТВ хабарига кўра, Президент Ислом Карим кеча, 1 декабрда Оқсаройда Хитой Халқ Республикаси жамоат хавфсизлиги вазири Го Шенкунни (расмда), бугун эса АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвални қабул қилди. Учрашувларда Ўзбекистон-Хитой, Ўзбекистон-Америка кун тартиби масалалари ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича ўзаро фикр алмашилган.
Ислом Каримнинг Ниша Бисвал билан учрашувида АҚШнинг Ўзбекистонда миссиясини тугатаётган элчиси Жорж Крол ҳам қатнашган.
Аввалги хабарларимизда айтилганидек, Ниша Десаи Бисвални Тошкентга келишининг сабаби - АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги йиллик анъанавий консултацияларда иштирок этиш эди. Бу маслаҳатлашувлар ҳам бўлиб ўтган.
Шунингдек, Бисвал хоним фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашган, бу учрашувнинг тафсилотларин кейинги хабарларимизда беришга ҳаракат қиламиз.