02 December 2014
01:15 - Россия ширкати, афтидан, Ўзбекистондан чиқиб кетмоқчи эмас
Ўзбекистондаги бир қатор веб нашрларга кўра, Россиянинг “Лукойл” ширкати шу йилнинг 9 ойида мамлакатимиздаги лойиҳалари учун инвестициялар ҳажмини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,7 фоизга – 549 миллион долларгача оширган. Ҳолбуки, бир муддат аввал ширкатнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларини қисқартириши ва мамлакатни тарк этиши ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Бугунги хабарни эса ўрисларнинг «РИА Новости» ахборот агентлиги тарқатмоқда.

Агентликка кўра, ҳозирги вақтда бу гигант ширкат Ўзбекистонда учта лойиҳани амалга оширмоқда. Дастлабки икки лойиҳа доирасида у 2017 йилгача газ қазиб олиш ҳажмини йилига 18 миллиард кубометрга етказишни, инвестициялар кўламини эса ҳозирги кундаги 3,5 миллиард доллардан 8 миллиард долларгача оширишни режалаштирган. Россия компанияси томонидан бугунги кунда Ўзбекистондан қазиб олинган ва тўпланган газ миқдори 25 миллиард кубометрга етибди.

Албатта, бу маълумотларни ҳақиқатдан йироқ дейиш нотўғри бўларди, дейди мухбиримиз. Бундан кейин ҳам Россия ўз вассали Ўзбекистонга эътиборини кучайтирса кучайтирадики, асло сусайтирмайди.