01 December 2014
20:51 - АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ниша Бисвал Абдулазиз Комил билан учрашди
Ўтган йилнинг охирида Конгресс тарафидан АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси лавозимига тасдиқланган Ниша Десаи Бисвал бу лавозим эгаси сифатида Ўзбекистонга биринчи марта келди.

Маълумки, Ниша Десаи Бисвалнинг асосий лавозими - АҚШ Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари Бюросининг раҳбаридир. У, айни замонда, Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси (ўринбосари эмас) ҳисобланади. Жанубий ва Марказий Осиё деб номланган минтақага америкаликлар Афғонистон, Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Малдвия, Непал, Покистон, Шри Ланка, Тожикистон ва Ўзбекистонни киритишган.

“Ҳаракат” Агентлиги ши йилнинг бошидаги хабарларидан бирида “Ота-оналари ҳиндистонлик мигрантлар бўлган Ниша Бисвалнинг ўзи АҚШда туғилган. Расмда кўринишидан, нисбатан ёш аёл. Уни бу лавозимга янги Давлат Котиби Жон Керри олиб келди, шекилли. Лекин, у бу минтақага нисбатан, хусусан Ўзбекистонга нисбатан янгича сиёсат юритадими, деган саволга ҳали жавоб йўқ”, деб ёзган эди.

Бу саволга ҳали ҳам жавоб йўқ. Ниша Бисвал бугун Тошқи ишлар вазири Абдулазиз Комил билан учрашибди. Аммо, бу учрашув ҳақидаги хабар ўта умумий гаплардан иборат бўлгани сабабли, юқоридаги саволга яна жавоб йўқ.

Эслатиб ўтиш керакки, Ниша Бисвал Тошкентга АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги йиллик анъанавий консултацияларда иштирок этиш келган.