
Аслида, СССР таркибидаги Қозоғистоннинг биринчи Президенти 1990 йил 24 апрелда парламент тарафидан сайланганди. 1991 йил 1 декабрда эса, биринчи умумхалқ сайлови йўли билан Президент сайланди. 1990 йил 24 апрелда ҳам Нурсултон Назарбой сайланган эди, 1991 йил 1 декабрда ҳам унинг ўзи сайланди. У пайтда ҳали расман СССР бор эди.
Бундан ҳам қизиғи, Украина айнан 1991 йили 1 декабрь куни референдум йўли билан СССРдан чиқди, 1991 йил 8 декабрда СССР тарқатиб юборилди. Қолган ҳамма республикалар ўз-ўзидан мустақил бўлиб қолдилар. Аммо, Қозоғистон ўз мустақиллигини 1991 йил 16 декабрда эълон қилди.
Шуларни ҳисобга олсак, бугун Қозоғистонда Биринчи Президент Куни нишонланаётгани масхарабозликка яқин нарсадир. Нишонланиш ҳам гапми, даҳшатли тантаналар билан нишонланди. Ҳамма ерда тантанали мажлислар ва концертлар ўтказилди.
Нурсултон Назарбойнинг ўзи Президент шдандартини кўтариш маросимида ва Сариарка велотрекида “Бир давлат, бир тақдир, бир лидер” шиори остида ўтказилган тантанали концертда иштирок этди, у ерда нутқ ҳам сўзлади.
Нима бўлганда ҳам тан олиш керакки, Қозоғистонни мисли кўрилмаган тезликда юксак марраларга олиб бораётган Нурсултон Назарбойдек лидери бор.
Тўғри, қўшнимизда бундай лидернинг бoрлиги ўзбеклар учун ҳам фойдали. Яқин келажакада ўзбекларнинг катта бир қисми мардикорлик қилиш учун узоққа бориб ўтирмайди, шу Қозоғистонга чопади.
Расмда – Президент Штандартини кўтариш маросимидан бир лавҳа.