
Кеча Истанбулда бўлиб ўтган Лотин Америка мусулмон дини лидерлари саммитида нутқ сўзлаган Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон Ислом дини ҳеч қачон бировларни мустамлака қилиш, қулга айлантириш воситаси бўлмагани, қилич кучи, қурол кучи билан ҳеч кимни мусулмонликка зўрламагани, Ислом мазлумларнинг, эзилганларнинг дини бўлганини урғулар экан, Америка қитъасини ҳам мусулмонлар кашф этганини гапирди.
Унинг айтишича, бу қитъани 1178 йили мусулмонлар кашф этган, Христофор Колумб ўз хотираларида ҳозирги Кубадаги тоғнинг устида мачит кўрганини ёзган экан. У ерга яна мачит қурилса, дейди Туркия Президенти, жуда ярашган бўларди. Бу ҳақда “Туркия” газетаси хабар тарқатди.
Шу муносабат билан айтиш керакки, ҳозир Швецияда комадан ётган Обиджон Қори анча йил аввал “Озодлик” радиосидаги чиқишларидан бирида, “Колумб Американи тасодифан кашф қилган, ҳамма кашфларни Оллоҳ мусулмонларга буюрган” деганди. Ўшанда “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат унинг устидан кулиб, сўнгги 6-7 юз йил ичида мусулмонлар биронта янгилик яратолмагани, Ғарбнинг кашфиятларидан фойдаланиб замонаий ҳаёт кечираётганини эслатганди.
Ҳар ҳолда Ражаб Эрдўғон юқоридаги гапларни жиддий манбаларга асосланиб айтган бўлса керак, дейди мухбиримиз. Акс ҳолда, у нафақат Абдураҳим Пўлат, балки, бутун дунёнинг кулгиси остида қолиши муқаррар. Бундай кулги эса, Ислом дунёсинининг обрўсини оширишга хизмат қилмаслиги аниқ.
Умид қиламизки, Обидхон қори ҳам тузалиб кетади ва 12-чи аср мусулмонлари Американи, 21-чи асрнинг ИШИДчилари эса калла кесиш билан чормихлашни бирга қилиш усулини кашф этгани билан фахрланиб юради.