14 November 2014
20:26 - Амнистия қабул қилинди, унинг эпкини қамоқларда қолаётган фуқаролик жамияти вакилларига ҳам тегадими?
Бугун Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида” Қарор қабул қилди. Қарорда таъкидланишича, бу умумий авф билан аёллар, биринчи марта жиноят содир этган шахслар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари жазодан озод қилинади. Шунингдек, жазо муддати битишига 2,5 йил қолганлар ҳам авф этилади, 10 йилга қадар кесилганларнинг муддати учдан бирига, 10 йилдан ортиққа кесилганларнинг муддати тўртдан бирига қисқаради. Лекин...

Ҳамма гап ана шу лекинда, чунки қарорнинг 7-қисми а-бандида авфнинг жазони ўташ қоидаларига амал қилмаётган шахсларнинг авфдан бебаҳра қолдирилиши назарда тутилган. Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ томонидан бошқариладиган мазкур ҳолат амалда кимларнинг (аксар ҳолларда сиёсий маҳкумлар, фуқаролик жамияти вакиллари) амнистиядан маҳрум қилинишини белгилайди.

Масалан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси Бобомурод Раззоқов амнистиянинг бир йўла учта қисмига — 60 ёшдан ошгани, касаллиги ва жазо муддатининг акср қисмини ўтаб бўлгани боис қамоқдан чиқарилиши керак. Аммо унинг бўйнига қамоқхона маъмурияти томонидан бир йилда уч марта қамоқ тартибини бузиш айби осилган.