
Кеча Президент Нурсултон Назарбой раислигида унинг Оқўрда қароргоғида ўтказилган Хавфсизлик Кенгаши мажлисида мамлакатда санитар-эпидемиологик вазият билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, асосий урғу Эбола вирусининг дунёда тезлик билан тарқалишидан келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларга қаратилди, дейилади Казинформ тарқатган хабарда.
Нурсултон Назарбой мамлакатдаги нисбий осойишталик ўз-ўзини ҳатиржам қилишга айланиб кетмаслиги кераклигини, сил касаллигини камайтириш учун ҳалигача давлат даражасида эътибор лозимлигини урғулаш билан бирга, ташқаридан Қозоғистонгача келиши мумкин Эбола вируси билан боғлик хавфларга тайёр бўлиш кераклигини ҳам алоҳида гапирган. У хавфли касалликлар бор давлатларга борадиган одамлар билан огоҳлантириш ишлари олиб бориш кераклигини ҳам гапирибди.
Йиғилишда Миллий иқтисод ва Қишлоқ хўжалиги вазирлари мавжуд аҳвол ва қилинаётган ишлар ҳақида информация беришибди, аммо Соғлиқни сақлаш вазири хабарда умуман тилга олинмагани қизиқ. Балки, ким билади, дейди мухбиримиз, Қозоғистонда юқумли касалликлар, жумладан, Эбола вируси давлат аҳамиятига эга бўлган хавф бўлгани учун, соғлиқни сақлаш соҳасининг унга алоқаси йўқ деб ҳисобланаётгандир.
Нима бўлганда ҳам, бу вирусга Қозоғистонда давлат раҳбари даражасида эътибор қаратилаётгани бекорга бўлмаса керак. Тушуниш керакки, бу вирус Қозоғистонгача етиб келса, Ўзбекистон ундан ўзини сақлаб қолиши осон бўлмайди. Бунга тайёрланиш керак.