
25 йил аввал, яъни 1989 йили Австралиянинг Канберра шаҳрида тузилган Осиё-Тинч Океани Иқтисодий Ҳамкорлиги (ОТИҲ) ташкилотининг ҳозир 21 аъзоси бор. Тинч Океанига чиқадиган давлатларнинг мутлақо кўпчилиги, жумладан, уч супердавлат – АҚШ, Хитой, Россия - унга аъзо. Ҳатто Тайвань унга аъзо эканлиги ҳам диққатга сазовор нарса. ОТИҲ мамлакатларида жаҳон аҳолисининг сал кам 40 % яшайди. Жаҳон Ялпи Ички Маҳсулотининг сал кам 54 %, жаҳон савдосининг 44 % уларга оид.
Лекин ОТИҲ расман тузилган бўлса ҳам, худди Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ёки ГУОМ (Гуржистон-Украина-Озорбайжон-Модова) каби, унинг ташкилот сифатидаги фаолияти ҳақида гапириш қийин, чунки, бундай фаолиятнинг ўзи йўқ деса ҳам бўлади. Аммо, унинг йиллик саммитлари катта воқеага айланади. Чунки, саммитларда жаҳоннинг кўзга кўринган ҳамма лидерлари шу ерда бўлади.
Бу йилгиси Пекинда бўлаётган саммитнинг мавзуси – “Келажакни Осиё-Тинч Океани ҳамкорлиги орқали шакллантириш”. Ўта амбициоз иддао!
5-6 ноябрь кунлари ташкилотнинг ички ташкилий структуралари раҳбарлари саммитда қабул қилинадиган ҳужжатларнинг лойиҳаларини охирига етказиш устида ишлашибди. 7-8 ноябрь кунлари эса, ташқи ишлар ва савдо вазирларининг учрашувлар бўлган. 9-10 ноябрь кунлари саммитининг ўзи, 9-10 ноябрь кунлари лидерларнинг ўзаро учрашувлари бўлиши керак эди.
Саммит битди, у ерда нима бўлгани ҳақида пичоққа илинадиган биронта хабар ҳам йўқ. Лекин, кўриниб турибдики, ҳамма нарса “Саммит баҳона дийдор ғанимат” деган мақолимиз бўйича кетмоқда. Буни камситиш ниятимиз йўқ, чунки глобаллашув асрида жаҳон лидерларининг иккилик учрашувлари жуда муҳим аҳамиятга эгадир.
Ўзининг вассали Ислом Карим каби, Украинадаги воқеалар туфайли мажбуран яккамоховга айланиб бораётган Владимир Путин учун бу учрашувлар катта маънавий дастак эканлиги ҳам шубҳасиз. Масалан, Япония унинг шу йилга режалаштирилган ташрифини бекор қилган эди. Кеча эса, Пекинда Владимир Путин Япония Бош вазири Синдзо Абэ билан гаплашиб олишга муваффақ бўлди. Россиянинг Хитой билан муаммолари йўқ, шу сабабли, Путин билан Си Цзинпин яна бир марта мириқиб суҳбатлашиб олишгани табиий воқеа бўлди.
АҚШ билан муаммолар кўп. Шу сабабли Владимир Путин ва Барак Обама оёқ устида қўл беришиб саломлашгани ҳам катта хабар бўлди. Улар эртага учрашадилар деган тасдиқланмаган гаплар ҳам бор. Путин эртага Австралия Бош вазири Тони Эбботт билан учрашиши аниқ. У роса терлашини ҳозирданоқ тахмин қилиш мумкин. Чунки, Малайзия учоғининг Украина устида уриб туширилишида Россиянинг ҳам қўли борлигига ҳозир ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Тони Эбботт эса, айнан шу масалани ҳам Путин билан учрашувда кўтармоқчи. Путин Малайзия Бош вазири билан учрашиш-учрашмаслиги ҳақида маълумот йўқ.
Шу дақиқаларда ОТИҲ лидерли Пекин яқинидаги бир кўл бўйида, ҳукуматга оид бўлган бир саройда норасмий мажлис ўтказмоқдалар.