10 November 2014
23:32 - Ислом жиҳодчиларининг ақли қачон киради? Исломда ислоҳотлар қилинганда!
Инглизларнинг The Guardian газетасининг сайти Мисрдаги энг кучли жиҳодчи-террористлар гуруҳи Анзар Бейт ал-Мақдис тарқатган аудио баёнотга асосланиб хабар беришича, бу гуруҳ ҳамма мусулмонларни “кофирлар демократиясидан” воз кечиб, ИШИДни қўллаб қувватлашга чақириш билан бирга, ўзи ИШИДга содиқ эканлигини ҳам билдирган, яъни Халифаликка қўшилган.

Аудио баёнотда “Пайғамбаримизнинг таълимотидан келиб чиқиб, Халифаликка содиқлигимизни эълон қилмоқдамиз” деган сўзлар.

Айнан шу сўзлар хабарнинг сарлавҳасидаги саволни туғдиради. Бир тарафдан тўғри, чунки ҳар бир сунний мусулмон, шиалардан фарқли ўлароқ, ҳадисларга ҳам сиғинади. Лекин, ...

Шу ерда эслаш керакки, ўзбекларнинг “Ҳамма нарса лекиндан бошланади” деган мақоли бор.

Лекин, ким ўзини Халифа, қўл остидаги ерларни Халифалик деб эълон қилса, Пайғамбаримизнинг таълимотига асосланиб, унга қўшилишимиз керакми? Кўз олдингизга келтиринг, бир кун кўпроқ ичиб олган Ислом Карим (қаранг, исми Ислом, бунинг устига, Карим, яъни Олийжаноб) Ўзбекистонни Халифалик деб эълон қилса, ҳамма мусулмон давлатлари дарҳол бизга қўшилиши керакми?

Булар оддий террористлар, улар на Қуръонни, на Ҳадисларни тўғри тушунишади. Аммо, Ислом уламолари ҳалигача Қуръонни тўғри ўқишни билмасдан, ўрта асрлардан ҳам аввалги билимлар асосида қилинган тафсир билан яшашларига, оддий мусулмонларни ҳам алдаб юраётганларига нима дейсиз?

Қуърон қайтадан тафсир қилиниб, Исломда чуқур ислоҳотлар қилинмаса, Ислом дини дунёвийлик принципини расман қабул қилмаса, Ислом дунёси қолоқликдан чиқолмайди. ИШИД ёки Анзар Бейт ал-Мақдис каби аҳмоқларнинг гуруҳлари мусулмонларнинг қонини бекорга оқизиб юраверишади.