09 November 2014
07:41 - “Ҳаракат”: Туркиядаги мавжуд ҳокимият алевиларга қучоқ очиб тўғри қилмоқда

Aвваламбор айтиш керакки, Ислом дини ичидаги мазҳаблар ва турли йўналишлар жуда чалкаш ва уларнинг хаммасини бир хабар доирасида инобатга олиш қийин.

Туркия мусулмонлари ичида энг кўп бўлган суннийлардан кейин сони бўйича иккинчи ўринда шиаларга яқинлиги билан маълум бўлган алевилар мазҳаби (баъзилар тариқоти дейишади) туради. Алевилар ҳамма шиалар каби Оллоҳ ва Муҳаммад пайғамбардан кейин 12 имомнинг ролини биринчи ўринга қўйишади. Ҳамма ерда бўлгани каби Туркияда ҳам бу икки гуруҳ ўртасида доимо кураш бўлган, кўп ҳолларда бу кураш ҳокимият учун кураш билан аралашиб кетган.

Буюк Отатурк Халифаликни йўқ деб эълон қилиб ва Туркияни дунёвий давлатга айлантириб, унинг мустақиллигини сақлаб қолгандан кейин ҳам бу ички диний кураш ҳеч қачон битмаган, парда орқасида ҳеч тўхтамасдан давом этган. Буни тушунтириш учун китоблар ёзиш керак. Аммо, бу хабарнинг мақсади бутун тарихни тилга олиш эмас.

Ўтган асрнинг охиригача Отатурк яратган дунёвий давлат оёқда бўлгани сабабли, аввал айтганимиздек, мазҳаблар ораси кураш парда орқасида эди. Ҳозир ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) диний илдизли, тўғрироғи, сунний илдизли бўлгани сабабли, сунний-алеви курашининг урушга айланиб кетиш эҳтимоллиги ортди.

Буни АТП лидерлари тушунишди шекилли, алевилар билан қарама-қарши бўлмаслик йўлини танлашди. Охирги кунларда уларнинг қилаётган қадамлари олқишга сазовор. Масалан, яқинда ҳижрий календарь бўйича янги йилнинг биринчи ойи бўлган Муҳаррамнинг бошланиш куни, бу куни алевийлар алоҳида байрам қилишади, Туркиянинг Президенти Ражаб Эрдўғон алевиларнинг лидерларига ифторлик каби зиёфат берди.

Кеча эса, Туркия Бош вазири Аҳмет Довутўғли алевиларнинг Ҳожи Бектош Маданият Марказини Муҳаррам ойида ўтказиладиган (суннийларнинг Рамазон ойидаги каби) Ашура куни маросимларидан бирига келиб (расмда), муҳим сиёсий сигналлар берди. УУсмонли императорларидан 2-чи Маҳмут замонида Бектошлиларга оид ҳужраларнинг бекитилиши янглиш бўлганини гапириб, “Бизнинг йўлимиз Ҳазрати Алининг, Ҳазрати Ҳусайиннинг, Ҳазрати Ҳасаннинг ва 12 имомнинг йўлидир” деб урғулади.

Аҳмет Довутўғлининг бу ердаги айтган гапларида баъзи хатолар бўлса ҳам, Туркияда ҳокимиятда бўлган суннийлар партиясининг алевиларга берган сигналлари мамлакат фойдасига бўлиши муқаррар.