08 November 2014
22:33 -
Медведев ва Путин СССРнинг жиноятчи маршали Язовни 90 йиллиги билан табрикладилар, Абдураҳим Пўлат бошиданоқ Язовни жиноятчи деб ҳисоблаганлар ичида эди

Амнистия жиноятчининг оқланиши эмас, жазодан озод қилиниши эканлигини ҳисобга олсак, Россиянинг Президенти ва Бош вазири жиноятчини табриклашганини эътироф этишга тўғри келади.
Эслатиш керакки, ўша пайтдаги СССР Президенти Михаил Горбачовнинг ташаббуси билан ўтказилган 1991 йил 19 март референдуми натижалари асосида, СССР бутунлай ўзгариб, ҳозирги МДҲга ўхшаган Иттифоққа айланиши керак эди. СССР таркибидаги ҳар бир республика чет элларда элчихоналар очишга ҳаққи бўларди. Яъни мустақиллик йўлида катта қадам эди.
Бундай бўлишини истмаганлар, уларнинг ичида Дмитрий Язов ҳам бор эди, Михаил Горбачов раҳбарлигидаги ҳокимиятни ағдариб, СССРни аввали ҳолатда, балки ундан ҳам марказлаштиришган давлатга айлантириш ниятида 1991 йил 19 августда ҳокимиятни қўлларига олмоқчи бўлдилар. Ўша куниёқ АҚШ расмийлари бу ўзгаришни “амалага ошириб бўлинган давлат тўнтарилиши” деб баҳоладилар.
Аммо, “Бирлик” халқ ҳаракати бу давлат тўнтариши 1 ҳафтадан узоқ оёқда қололмайди, биз уни тан олмаймиз деб қарор чиқаргани ва кейин воқеалар қандай давом этгани Абдураҳим Пўлатнинг “Ҳаракат” журналида эълон қилинган хотираларида батафсил ёритилган. Воқеалар, қисқа қилиб айтганда, шундай давом этди.
20 август куни “Бирлик” раисдоши Абдураҳим Пўлат ва унинг ёрдамчиси Миролим Одил милиция тарафидан ушлаб кетилди, уларни ярим кечсигача Тошкент шаҳар прокуратурасида ушлаб туришди ва Куйбишев (ҳозирги Мирзо Улуғбек) тумани судига олиб келиб, маъмурий суд қилинажакларини билдиришди. Тахминан 30 ёшлардаги судья Миролим Одилнинг эски таниши экан, ҳамма нарсани очиқча гапириб берди. Унга бу икки кишини “ГКЧПга қарши чиқиш айби билан 30 кунга маъмурий қамаш” тўғрисида топшириқ берилган бўлиб, Ислом Каримовнинг одамлари ҳам ишидан кетмасдан, бу қарорни кутиб туришганини айтди.
Абдураҳим Пўлат ва Миролим Одил у судьяга шундай дейишди ва ишонтиришди: “Бу ГКЧП бир ҳафтадан узоққа боролмайди. Ана ундан кейин суд системасидан ҳайдалишинг муқаррар”. Шундан кейин судья бу икки бирликчига “ГКЧПга бўйсунмаслик айби билан 1 минг рублдан жазо солиш” қарори билан чекланиб, уларни озод қилди. Суд хонасидан ташқарида бу икки кишини қамоқхонага олиб кетиш учун кутиб турган милиционерлар билан қаттиқ жанжаллашиб, Абдураҳим Пўлат ва Миролим Одилни бу ердан чиқиб кетишига ёрдам ҳам берди.
Аммо, эртаси куни бу хабарни эшитган Ислом Карим дарғазаб бўлиб, уларни қайтдан ушлаб ва суд қилиб, қамоққа ташлаш буйруғини берди. У пайтда ҳукумат ичида ҳам “Бирлик” тарафдорлари бор эди, улардан бири телефон қилиб, бу ҳақда билдиргач, Абдураҳим Пўлат ва Миролим Одил ўшп пайтда СССР халқ депутати бўлган Пўлат Охун билан биргаликда автомобилга ўтиришаётган пайтда уларни ушлаш учун КГБчилар келиб қолди.
Тошкент шаҳарининг кўчаларида бўлган қувлаш воқеаси бўйича вақти келиб кинолар олиниши муқаррар. Бир ерда қувловчилар сал орқароқда қолиб кетганда, Абдураҳим Пўлат ва Миролим Одил автомобилдан чиқиб, яёв қочишди. Пўлат Охун СССР депутати бўлгани учун уни ҳеч ким ушлашга ҳаққи йўқ эди. Шундай қилиб қувловчилар автомобиилдан Абдураҳим Пўлат ва Миролим Одил тушиб қолганини билмай қолиб, Пўлат Охунни қувлаб кетишди. Абдураҳим Пўлат ва Миролим Одил эса, Чимкент орқали Москвага етиб олишди. Пўлат Охун ҳам у ерга етиб келди. Улар бу ерда демократ руҳдаги сиёсатчилар билан учрашувлар ўтказишга бошлашди. Кутилганидек, ГКЧП бир ҳафтага ҳам бормасдан мағлубиятга учради.
25 ёки 26 августда “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталарида қисқа, ҳеч ким тушунмайдиган эълон берилди: “Куйбишев туман судининг Абдураҳим Пўлатов ва Миролим Одилов ҳақида чиқарган ҳукмлари Тошкент шаҳар суди тарафидан бекор қилинди”. У нима ҳукм эди, нимага бекор қилинди, бу икки одам ким эди ўзи деган саволларга, таббий, жавоб йўқ эди. Аммо, эътироф этиш керакки, бу воқеа туфайли Ўзбекнинг тарихида қоладиган Абдураҳим Пўлатнинг исми биринчи ва охирги марта Ўзбекистон матбуотида тилга олинди. Балки, Дмитирий Язовни шу воқеа туфайли ўзбеклар ҳам эслаши керакдир.