06 November 2014
08:11 - Жиноят ишлари бўйича Халқаро Суд Исроил чегарачиларининг “Мовий Мармара” кемасига ҳужумини кўриб чиқмайдиган бўлди
Авваламбор эслатиш керакки, 2010 йил 31 май куни Исроил ҳарбийлари бир неча йилдан бери феълан қамал ҳолатида бўлган Филистиннинг Ғазо ҳудудига Исроилнинг рухсатсиз инсоний ёрдам олиб кетаётган “Озодлик флотилияси” таркибидаги 6 кемага ҳужум уюштирганда, расмдаги “Мовий Мармара” кемасида 9 киши ҳалок бўлганди.

Жиноят ишлари бўйича Халқаро Судга (ЖИХС) Исроил устидан ариза берилган экан. Ким бергани хабарда айтилмайди.

Яна эслатиш керакки, ЖИХС жуда кўп тортишувлардан кейин 2002 йили БМТ тарафидан яратилган. Қароргоҳи Гаага шаҳрида. Унинг компетенциясига геноцид, ҳарбий жиноятлар, инсонликка қарши жиноятлар ва агрессияда айбланаётган шахсларнинг иши киради.

Reuters агентлигининг хабарига кўра, бу суднинг прокурорлари Исроил аскарлари урушга оид жиноятлар қилиб, 2010 йили 9 нафар Туркиялик активистни ўлдиришган, аммо бу иш суднинг компетенциясига кирмайди, деган қарорга келишибди. Демак, бу иш Халқаро Судда кўрилмайди.

Бу иш атрофида анча-мунча ҳуқуқий чалкашликлар борлиги ҳам хабарда айтилмоқда. Масалан, Туркия ва Исроил ЖИХСга аъзо эмас экан. Тўғри, “Мовий Марамара” кемаси рўйхатдан ўтган давлат Коморра ороллари бўлиб, бу давлат ЖИХСга аъзо. Аммо, кема у қонли воқеалардан 1-2 кун аввалигина бу давлатнинг рўйхатига ўтказилган экан. Ундан аввал Туркияда рўйхатда бўлган бу саёхат кемаси 1080 та йўловчи ташишга мўлжалланган. Балки, аризани айнан Коморра ороллари бергандир.

Туркия Суднинг бу қароридан норози бўлиши муқаррар, аммо улар Суд прокурорларининг эътирозига эътироз топа оладиларми?