
Аноним ўқувчимиз: “Салом азиз миллатдошлар мен "харакат"сайтига кириб ундаги елгон хабарларни укиб хайрон коламан ва бу одамлар аник узбек эмас радикалний тожиклар деб уйладим.Бу сайтда хар хил тутуриксиз хабарлар такрорлашлар ва хаелпарастлик ислом динини куролмаслик урчимокда”.
“Ҳаракат” таҳрияти: Азиз Аноним ўқувчимиз! Сайтимизда биронта ёлғон хабар бўлса, уни кўрсатиб ва ёлғон нимадан иборат эканлигини тушунтириб берсангиз, миннатдлор бўламиз ва ҳаммадан узр сўраб, ёлғонимизни тузатамиз.
“Ислом динини кўролмаслик” ҳақида гапирибсиз. Ўйлаб гапираяпсизми? Ёки “ўзбекларнинг кўпчилигида фикрлаш қобилияти ҳам йўқ” деган фикримизни тасдиқлаш учун, ўйламасдан ёздингизми?
Биз Ислом дунёсининг ўта ночор аҳволини ёзмоқдамиз. Қаранг, сўнгги 5-6 юз йил учида дунёда мисли кўрилмаган ўзгаришлар бўлди, кашфиётлар бўлди. Биронтаси мусулмонлар тарафидан қилиндими? Йўқ.
Ўтган асрнинг ўртасигача бутун мусулмон мамлакатлари, Туркия ва Эрондан ташқари, Ғарбнинг мустамлакаларига айланган эди. Ҳозир ҳам асосан уларга мардикорчлик қилиш билан шуғулланамиз, улар яратган техник ютуқларни ишлатиб, ҳаёт кечирамиз. Нимга бундай?
Биз шу саволни қўйдик ва Ислом динида жиддий камчиликлар борлигини топдик. Асосий камчлик, ўрта асрнинг Ислом уламолари тарафидан Қуръоннинг хато тафсир қилинганидир. 5 та фарзимиздан 3 таси бажариб бўлмайдиган нарсалар эканлигидир. Шуни билиб туриб, иккиюзламачили билан яшамоқдамиз.
Биз диагноз қўйдик – ҳаммадан орқадалигимизнинг сабаби - иккиюзламачилик билан яшаётганимиз. Бундан қутилиш керак. Қандай қилиб? Бу саволга ҳам жавоб бердик.
Дедик-ки, Ислом динида ислоҳотлар ўтказиб, дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиш, динимизнинг биттагина фарзи Имон эканлигини Қуръондан тўғри ўқиш. Бошқа фарзлар бажарилса савоб, бажарилмаса гуноҳ бўлмайдиган амалиётлар эканлигини тан олиш.
Бундан ташқари, “Ҳамма нарса Оллоҳдан” иборасини ҳам тўғри тушуниш керак. Ҳа, ҳамма нарса Оллоҳдан, яъни бу дунё ва одам Оллоҳ тарафидан яратилган. Аммо, Оллоҳ одамга ақл бериб, қандай яшашни одамларга ташлаб қўйган. Табиий, охиратда жавоб беришимиз кераклини унутмаслик керак. Акс ҳолда, ҳамма нарса Оллоҳдан дея ўзимиз ҳеч нарса қилмасликка ўрганиб қоламиз, ўрганиб бўлдик ҳам. Шу сабабли ҳаммадан орқадамиз. Асосий шиоримиз “Биздан ҳаракат – Оллоҳдан баракат” бўлиши керак.
Ана шундай қилинсагина, Ислом дунёси башқалар даражасига чиқади демоқдамиз. Яъни, таклиф қилаётган нарсаларимизни мақсади – Ислом дунёсини қолоқликдан чиқариш.
Наҳотки, шуларни тушунмайсизлар? Тушунмагунингларча қолоқликдан чиқолмаймиз. Ҳатто пайғамбаримизни ҳам ҳамма дарҳол тушунолмаган, тан олмаган, бизни дарҳол тушунолмаётганингиздан хафа эмасмиз. Чунки, аҳволингиз шунақа. Аммо, шок терапияси усуллари билан жараёнларни тезлаштирмоқдамиз. Мана, қўполроқ ёзаётганимиз учун, бизга эътибор бермоқдасиз. Чиройли илмий асарлар ёзсак эди, ҳеч ким ўқимасди ҳам.