04 November 2014
19:16 - Имангали Ташмагамбетов Нурсултон Назарбойнинг вориси бўладими?
Асрнинг бошларида Қозоғистоннинг Бош вазир лавозимида ҳам ўтирган, 2008 йилдан бери Остона шаҳрининг ҳокими вазифасини бажариб келиб, шу йилнинг 22 октябрида Мудофаа вазири этиб тайинланган Имангали Ташмагамбетов Нурсултон Назарбойнинг вориси бўлиши мумкин. Бу ҳақда Лондондаги “Center for Eurasian Strategic Intelligence” (Евросиё Стратегик Истиҳборат Маркази) номли ташкилотнинг сайтида эълон қилинган мақолада айтилади.

Таҳририёт мақоласида Имангали Ташмагамбетов ҳеч қандай ҳарбий ўқув юртларида ўқимагани, миллатчилик руҳи билан суғорилган шахс бўлиб, бу масалада Нурсултон Назарбойдан радикалроқ эканлиги, Қозоғистонни этнократ давлат сифатида, яъни, фақат қозоқлар тарафидан бошқарилиши керак бўлган давлат сифатида кўришини истаган сиёсатчи эканлиги таъкидланади.

Нима бўлганда ҳам, дейди мухбиримиз, Имангали Ташмагамбетов диққатга сазовор сиёсатчи. Бунинг устига, бизга қўшни бўлган давлатнинг сиёсатчиси, балки, келажакдаги раҳбаридир.