
Ўзини Оғабек деб танитган ўқувчимизадн қуйидаги қисқа хатни олдик.
Assalomu Alaykum Harakat,
Nega facebookdagi saytingiz yopilib ketdi? bitta xabaringizda facebookdagi saytingizbi ocholmayapmiz deb aytgan edingiz, facebookda yangi sayt ochish qiyin emasku, uzogi bilan 5 minut oladi, nega boshqa nom bilan sayt ochmaysizlar.
Raxmat
Ogabek
“Ҳаракат” таҳриятидан: Ҳурматли Оғабек. “Ҳаракат” Агентлиги ҳукуматдан мустақил ахборот воситаси. Қайтариб айтамиз, у ҳукуматдан мустақил. Шуни тушуниш керакки, дунёда абсолют мустақил хабар воситалари йўқ. Ҳар бир хабар воситаси қандайдир ижтимоий-сиёсий кучларнинг жарчиси, рупори, қолаверса, пропаганда воситасидир. Яъни, ахборот воситаси биронта воқеани тўғри ёритиш билангига эмас, ўз орқасидаги кучнинг позициясидан туриб таҳлил қилиб бериш билан ҳам шуғулланади.
Диктаторлик мамлакатларидаги қўғирчоқ ахборот воситалари воқеани ҳам тўғри ёритмайдилар, бунинг устига, ҳукумат истаган йўналишда таҳлил қилиб берадилар, халқни алдаш билан шуғулланадилар. Рақобат бўлмагани сабабли, алдашга эришадилар.
Демократик давлатларда ахборот воситалари ҳукуматдан мустақил. Лекин, юқорида айтганимздек таҳлилни маълум позициядан туриб қиладилар. Аммо, бу дегани, улар ҳам халқни алдаш билан шуғуллана оладилар дегани эмас. Чунки, хабарчилик айни замонда бизнессдир. Шундай экан, ёлғон хабар ва/ёки ҳақиқатдан узоқ таҳлил билан шуғулланадиган ахборот воситаларини рақиблар шарманда қилиб, тезда синдирадилар.
Демак, демократик давлатларда хабарни ёритиш ва уни таҳлил қилиш, ахборот воситаси орқасида қандай куч турганига қарамасдан, ҳақиқатдан узоққа кетолмайди.
“Ҳаракат” Агентлигининг орқасида “Бирлик” Партияси турибди. Бошқачароқ айтсак, “Ҳаракат” Агентлиги “Бирлик” Партиясининг, бу партия демократик бўлгани сабабли, демократиянинг рупори, жарчисидир.
Айнан “Ҳаракат” Агентлиги Ўзбек миллати ва Ўзбекистон давлатининг аҳволини тўғри кўрсатиб берди, яъни, миллат ва давлатнинг касаллигига тўғри диагноз қўйди. Тўғри диагноз даволашнинг ярми дейиш ҳам мумкин.
Бизни диагнознинг шу пайтгача ҳеч ким кўролмаган тарафлари ҳам бор. Улардан бири шундай. Ўзбеклар миллат сифатини, Ўзбекистон эса давлат сифатини ҳам йўқотишида айб фақат Ислом Карим режимида эмас, миллатнинг ҳам ўзидадир. Режим бизнинг касаллигимиздан усталик билан фойдаланмоқда, холос.
Демак, миллатни қайтдан миллат қилиш асосий вазифаларимиздан биридир. Бунинг учун ўзбекларда миллий туйғу ва ғурурни тиклаш, ҳар бир ўзбекнинг миллат олдида мажбурияти борлигини ҳар бир миллатдошимизнинг онгига сингдириш, миллатнинг орқасига пичоқ уриб кетавериш каби бизда чуқур тарқалган одатни таг-туги билан йўқ қилиш керак ва шарт.
Мана шундай буюк масалалaр билан шуғулланаётган “Ҳаракат” Агентлигининг Фейсбудаги саҳифаси бир йилдан бери ишламайди. Бу ишни Ислом Карим одамлари эмас, бироз кайфияти ёмонлашса, миллатнинг орқасидан уриш одатидан воз кечолмаётган ўз сафдошларимиз қилмоқдалар.
Асосий мақсадимиз ўзбекларни қайтадан миллат қилишми, демак бундайларни тузатиш ҳаракатида бўлишимиз керак. Айнан шу сабабдан, Файсбукдаги саҳифамизни тиклаш учун уринишни давом эттирмоқдамиз. Жуда бўлмаса, янги саҳифа очишга мажбур бўламиз ҳам.
Ҳа, дарвоқе, миллатни қайтaдан миллат қилиш фақат “Бирлик” ва “Ҳаракат”ниннг эмас, ўзини зиёли деб ҳисоблайдиганларни ҳаммасининг вазифасидир ҳам. Қўшилинг, бу буюк ишга, Оғабек!!