02 November 2014
13:17 - БМТ кузатувчиси Ўзбекистонда болалар меҳнати масаласидаги дастлабки яхшиланишларни мақтади

Франс-Пресс Агентлиги бугун кечаси тарқатган хабарда айтилишича, жума куни Тошкентда БМТ Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) Ўзбекистондаги вакили Ҳарри Талига бу масала бўйича ўз кузатуви натижаларини тақдим қилди. Унинг фикрича, Ўзбекистонда болалар меҳнатининг энг оғир шакллари масаласида дастлабки яхшиланишлар бор.

У 2008 йили Ўзбекистон Болалар Меҳнатининг Энг Оғир Шаклларини мониторинг қилиш бўйича конвенцияни ратификация қилгани ва болалар меҳнатидан фойдаланишни йўқ қилиш бўйича ўз дастурини тасдиқлаганини айтиб, сўнгги икки йилда Ўзбекистон ХМТнинг техник ёрдамида бу масала бўйича мониторинглар ўтказганини урғулаган.

Мониторинг натижаларига кўра, бу йил болалар меҳнатини пахта терими пайтида эксплуатация қилиш бўйича 49 ҳол аниқланган, аммо буларнинг 41 тасида 18 ёшга тўлмаган болалар ўзларининг ёки ота-оналарининг ташаббуси билан ишга жалб этилган эмиш. Бир қатор фермер ва коллеж раҳбарларига 12 млн сўмлик ($5 минг) жарима ҳам солинибди.

Ҳарри Талиганинг гапларида жон борлиги, Ўзбекистон ҳукумати бу масала билан шуғулланаётгани ва қандайдир натижаларга эришилаётгани шубҳасиз, дейди мухбиримиз. Аммо, бу йўналишда жиддий ўзгаришлар бўлаётганини кўрсатувчи фактлар йўқ. Болалар меҳнатини пахта терими пайтида эксплуатация қилиш бўйича 49 ҳол аниқланган экан, ўтган йили аҳвол қандай эди, қолаверса, монторинг қанчалик кенг кўламли эди, деган саволларга жавоб йўқ.