
Бир қатор ахборот воситалари New Scientist журналига асосланиб, Абу-Даби шаҳридаги Нью-Йорк Университети олимлари овқатнинг таъмини ўзгартирадиган электрон қошиқ яратганини хабар қилдилар. Овқатни шўрроқ, ширинроқ, аччиқроқ ёки нордонроқ қилиш учун электрон қошиқни шунга созлаш керак. Аслида, овқатнинг таъми ўзгармайди, аммо электродлар одамнинг тилига шундай таъсир кўрсатадики, у худди ўзи истаган таъмли овқатни егандек бўлади.
Бирон касаллик туфайли диетада ўтириб, ўзи истаган шакарли ёки тузли овқат ейиш имконияти бўлмаганлар, бу қошиқ ёрдамида ўз истакларига эришадилар. Ҳозирча бу қошиқ билан 30 киши устида тажрибалар ўтказилибди, 40-83% аниқлик билан қошиқ одамнинг истаган таъмига мослашибди. Қошиқни мукаммаллаштирш учун ишлар давом этади.
Бу хабарларда қошиқ яратган олимнинг исми айтилмагани учун, уни ўқигач, бизда “Наҳотки, араблар шунақа замонавий нарсалар яратадиган савияга чиқди?” деган савол пайдо бўлди, дейди мухбиримиз. New Scientist журналининг сайтига кириб, мақоланинг инглиз тилидаги оргинали билан танишдик ва кўрдикки, қошиқни яратган олим Шри-Ланкалик экан. У ўз мамлакатидаги Маратува Университетини битирган, докторлик диссертациясини Сингапур Миллий Университетида 2008-2013 йиллари компютер инженерлиги соҳасида қилган. 2014 йил март ойидан бери Дубайдаги америкаликларнинг Университетида ишламоқда. Қошиқни шу ерда яратган ёки аввал бошлаган ишларини шу ерда тугаллаган.
Шу муносабат билан, бир маҳаллар бизнинг юртдошимиз Ал-Хоразмий етук олим даражасига чиққандан кейин, ёши қирқларга бориб қолган пайтда Боғдодга келиб, ҳалигача баъзилар арабларнинг ютуғи деб ҳисоблайдиган оламшумул илмий ишлар қилгани, 10 лик рақамлар системасининг ҳозирги шаклини ва алгебра фанининг асосларини яратганини эслатиш жоиз деб билдик.
Ҳозир Ал-Хоразмийнинг авлодлари миллий туйғу ва ғурур деган нарсаларни ҳам унутиб, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда мардикорчилик билан кун кечирадиган ҳолга тушганларини эслатмай қўя қолайлик.