![](/photo/ISHID-10-14.jpg_thumbnai_full.jpg)
Табиий, ҳар ким ИШИД атрофида ўз манфаатларидан келиб чиқадиган ўйинни ўйнамоқда ва ўйнайди.
ИШИДнинг Халифалик яратиш мақсади қанчалик утопик бўлмасин, бундай Халифалик фақат Сурия ва Ироқни ўз ичига олувчи давлат сифатида яратилса ҳам, унинг биринчи нишони ва душмани Ғарб ва Исроил бўлишини ҳамма тушунади, Ғарб ҳам, Исроил ҳам. Демак, Ғарбнинг мақсади - ИШИДнининг режаларини, яна ҳам тўғрироғи, ИШИДнинг ўзини оёққа туриб олмасиданоқ йўқ қилиш.
Эроннинг мақсади – ҳозир шиалар қўлида бўлган Ироқдаги ҳукуматни ва шиаларга яқинлиги билан танилган алавитлар қўли остидаги Сурия режимини, яъни ўзининг потенциал иттифоқчиларини сақлаб қолиш. ИШИДнинг мақсадаларидан бири бу икки мамлакатда ҳокимиятни суннийлар қўлига ўтказишми, демак, ИШИДни йўқ қилиш масаласида Эрон ўзининг ашаддий душмани деб ҳисоблайдиган Ғарб ва Исроил билан маълум бир маънода иттифоқчига айланмоқда.
Туркиянинг Сурия ва Ироқдаги режимлар билан аввал ҳам, ҳозир ҳам, дўстона алоқалари бўлмаган ва йўқ. Шу маънода, Туркия у режимларни йиқитиш ниятидаги ИШИДга яқинроқдек кўринади. Аммо, бундай исломий фанатик ва Ғарб тарафидан террористик деб баҳоланган ИШИД билан ҳамкорлик қилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Тўғрисини айтса, Туркиянинг ИШИД масаласида биттагина мақсади бўлиши мумкин – Туркия, Ироқ, Сурия ва Эрон ҳудудларидаги курдлар яшайдиган қисмларни бирлаштириб, Курдистон давлати яратиш истагидаги курдларни ИШИДнинг ёрдамида ёки унинг қўли билан заифлаштириш. Ҳа, Туркиянинг ростдан ҳам боши қотган.
Ироқ ва Суриядаги режимларнинг ягона мақсади - ўзларини сақлаб қолиш эканлигини гапириб ўтириш ҳам ортиқча.
Ғарб эса, ИШИДга ҳаводан кучли ҳужумларини давом эттирмоқчи бўлса ҳам, пиёда қўшинларини бу урушга жалб қилмоқчи эмас. Чунки, катта қурбонлар беришга тўғри келади. Пиёда қўшинларсиз эса, иш битмайди. Шу сабабли, Ғарб курдлардан фойдаланмоқчи. Айнан курдлар ёрдамида Саддам Ҳусайин йиқитилгандан кейин, курдлар Ироқнинг шимолий-шарқида феълан мустақил давлат тузиб олдилар.
Ҳозир уларнинг мақсади – ҳар қанча қурбон бериб бўлса ҳам, ИШИДни йўқ қилишда Ғарбнинг пиёда қўшинлари ролини ўйнаш ва ғалабадан кейин Курдистон давлатини эълон қилиш. Ғарб айнан шундай бўлишига қарши эмас, аммо бунга бутун Араб дунёси, Туркия ва Эрон қарши.
Дарвоқе, Араб дунёси ҳақида. Демократиядан узоқ бўлган араб давлатлари, аслида, Сурия ва Ироқда суннийлар ҳокимиятини тиклаш ниятидаги ИШИД тарафдоридирлар. Аммо, уларнинг ҳаммаси Ғарбга боғлиқ. Демак, очиқча ИШИД тарафдори бўлолмайдилар.
Хуллас, ҳозир Украина бироз тинчланса, бутун дунё ИШИД билан шуғулланади. Ҳатто Россия ҳам. Тўғри, ИШИД йўқ қилинади, аммо юқорида санаб ўтилган муаммолар дарҳол ечилмайди. Уларни ечиш учун бутун Яқин Шарқни қайтадан шаклантириш керак.
Балки, айнан шундай қилиш, Ислом динида ўтказилиши шарт бўлган ислоҳотлар учун тезроқ йўл очар. Унгача ислоҳотлар ўтказиш йўлидаги лидерликни ўзбек мусулмонлари қўлга олиши керак. Табиий, Ал Бухорий авлодлари эканлигимизни унутмасдан.