13 October 2014
16:46 -
Уйғуристонда террорчилик айби билан 27 киши ўлимга маҳкум қилинди, 20 киши узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилди

Бундан ташқари, яна 20 киши 4 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси олди.
Маълумки, шу йилнинг июль ойида пичоқ ва болталар билан қуролланган гуруҳ расмий номи Шинжон-Уйғур автоном ўлкаси бўлган Уйғуристондаги полиция бўлими ва бир қатор маҳаллий ҳукумат идораларига ҳужум қилиб, 37 давлат хизматчисини ўлдирган эди. Ўшанда полиция ҳужумчилардан 59 кишини отиб ўлдириб, 215 кишини ушланганини ҳам эълон қилганди.
Хитой расмийлари террорист деб айтаётган уйғурлар, аслида, Уйғуристоннинг (ёки, бошқа ном билан Шарқий Туркистоннинг) мустақиллиги учун курашаётганлардир.
Шу муносабат билан, бу мавзу бўйича аввал ҳам берган таҳлилимизни қайтарамиз.
Хитой ҳукумати Уйғуристонга кўпроқ эркинлик бериш, унинг Уйғуристон номини тиклаш, ахир бир кун номи Туркистон бўладиган ҳозирги Марказий Осиёдаги мамлакатлар билан алоқа йўлларини очиш каби замонавий усуллар билан терроризмдан қутилиш мумкинлигини тушуниши керак. Бошқа тарафдан, Марказий Осиё мамлакатларининг ҳаммасида ҳозир диктаторлик режимлари ҳукмрон. Бу мамлакатлар демократлашган сари уларнинг Уйғуристон масаласига эътибори кучайиши ҳам шубҳасиздир.
Ҳозир, айниқса, Гонконгада бўлаётган воқеалардан кейин, бу масаланинг яна бир тарафига қараш керак. Яъни, уйғурлар мустақиллик учун курашни демократик принциплар остида, тинч йўллар билан олиб бориш имкониятларидан кўпроқ фойдаланишлари муҳимдир. Айнан ўшанда жаҳон ҳамжамиятининг уларга эътибори яна ҳам ортади.