10 October 2014
22:31 - Минскдаги асосий воқеа МДҲ эмас, Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг саммити бўлибди
Маълумки, Россия, Қозоғистон ва Белорусия тарафидан тузилган Евросиё Иқтисодий Иттифоқи 2015 йилдан расман фаолият бошлайди. Бу уччала мамлакатнинг парламенталри Евросиё Иқтисодий Иттифоқи тузиш ҳақидаги шартномани ратификация қилиб бўлганлар.

Бугун Минскдаги йиғилишда ЕИИнинг Иқтисодий комиссиясига бу ташкилотга кирувчи давлатларнинг унга кирмайдиган давлатлар билан алоқаларини ривожлантириш масаласи бўйича таклифлар ва талабларни ишлаб чиқариш топширилди. Айни замонда, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирокида тузилган Евросиё Иқтисодий Ҳамжамияти, унинг асосий функциялари ЕИИга ўтаётгани сабабли, тугатилди.

Бундан ташқари, Россия, Қозоғистон ва Белорусия раҳбарлари Владимир Путин, Нурсултон Назарбой ва Александр Лукашенко Арманистон Президенти билан Арманистонни ЕИИга кириши ҳақидаги шартномани ҳам имзоладилар.

Шундай қилиб, ЕИИ аъзоларининг сони 4 та бўлди. ЕИИнинг кейинги саммити Москвада бўлади. Қирғизистон Президенти Алмаз Атамбаев 2015 йилда ўз мамлакати ҳам бу ташкилотга киришига ишонч билдирди. Маълумки, Тожикистон ҳам яқин келажакада унга кириш ниятида.