06 October 2014
20:41 -
Ўзбекистон чегарачиларига янги отрядлар кўмак беришади
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йилнинг 2 октябрида тасдиқланган қарорга кўра, Миллий Хавфсизлик Хизматининг чегара қўшинларига “Чегара посбонлари” отрядлари кўмаклашади. Мазкур отрядлр Низоми “Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати тўғрисида”ги Низомга мувофиқ тасдиқланган. Низомга кўра, кўмак отрядлари Ўзбекистон давлат чегарасини ишончли қўриқлашда ҳамда чегара ва чегараолди ҳудудида амалга оширилаётган ва режаланаётган ноқонуний ишларни аниқлашда чегара қўшинларига амалий ёрдам бериш учун тузилмоқда.
Кўмак отрядлари ўз фаолиятини бепул амалга ошириши таъкидланади. Кўмак отрядларининг асосий вазифаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳодисалари ва бунга тайёргарлик; божхона назоратини айланиб ўтган ҳолда мамлакатга заҳарли, радиоактив моддалар, портлаш мосламалари, қурол-аслаҳа, наркотик ва психотроп моддалар, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материалларни олиб ўтишга тайёргарлик ва олиб ўтиш; миллий, ирқий ва диний адоват қўзғовчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш; товар ёки қимматбаҳо буюмларни давлат чегараси ва божхона назорати айланиб ўтган ҳолда олиб ўтиш; ва ҳоказо хусусида чегара қўшинлари ҳарбийларини хабардор қилишдан иборатдир.
Бу ишда ўзини кўрсатган отряд командирлари ва аъзолари, низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси томонидан давлат мукофотига кўрсатилиши мумкин.
Отрядларнинг бепул хизмат қилиши - бундай "кўмакчи"лардан қандайдир фойда бўлишиига шубҳа туғдиради, дейди мухбиримиз.