
Туркияда ҳар йил Қурбон байрами кунлари - қурбонлик қилиб ҳайвон сўйиш 21 асрга, замонавий инсонликка тўғри келмайдиган амалиёт эканлигини гапирадиганлар ўртага чиқади. Бу ҳақда теледебатлар уюштирилади. Бу йил ҳам истисно бўлмади.
Бу мамлакат матбуотида тарқатилган хабарларга кўра, қўшиқчи аёл Леман Сам (Leman Sam) Твиттердаги саҳифасига шундай сўзлар ёзибди: “ИШИД ва пичоғини маъсум бир ҳайвоннинг бўғизига тираганлар менда бир хил туйғу уйғотади.”
Твиттер саҳифаларида унга қарши чиққанлар кўп бўлибди. Аммо, Туркия Бош вазир ўринбосари Булент Аринчнинг Леман Сам га берган жавобини жиддий деб бўлмайди. Мана, унинг сўзлари: “Мусулмонлигини қўйиб туринг, инсон ҳам ҳисоблаб бўлмайдиган жаллодлар қилган иш билан қурбонлик кесишни ёнма-ён қўйган заволлини қоралайман. Афсуски, Туркияда ҳам баъзиларда одоб, ҳаё, иффат, ишончнинг қанчалик бузилганини ва қанчалик ёмон нарсаларга айлангани кўрмоқдамиз.”
Леман Сам ҳаммага битта жавоб берди: “Баъзиларингиз билан айни жинсда эканлигимдан ҳам уяламан. Ҳаммангиз сохтакор, жоҳил ва жирканчсиз. Буни жаҳл билан ёзаётганим йўқ, ростдан шунақа эканлигингизга аминман.”
Бугун ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигига ҳукм берадиган ҳакам йўқ. Кўриб турибсизку, Булент Аринч ўзини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблайдиган ИШИДчиларни жаллодлар деб атамоқда. Леман Сем эса, кўпчлик мусулмонларни ўша ИШИДчилар билан бир қаторга қўймоқда. Ким ҳақ, ким ноҳақ? Бугун бу саволнинг жавоби йўқдек кўринади. Аммо, шубҳасиз, келажак авладларимиз ўз ота-боболари 20-21 асрда ҳам ҳайвон сўйиб, гўёки Оллоҳни рози қилаётганларига ишонганларини уялиб эсга оладилар, дебди турк журналистларидан бири.